
АҚШ ҳукумати ҳамроҳсиз ўсмир муҳожирларга, агар улар ўз ихтиёрлари билан келиб чиққан мамлакатларига қайтса, 2500 доллар тўлашни режалаштирмоқда, дея хабар беради CNN манбаларга ва ички ҳукумат билдиришномасига таяниб.
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлиги (HHS) томонидан юборилган ҳужжатда айтилишича, Ички хавфсизлик вазирлиги «Қўшма Штатларни ўз ихтиёрлари билан тарк этишни хоҳлаган, 14 ёш ва ундан катта ҳамроҳсиз бола муҳожирларга бир марталик 2500 доллар миқдорида кўчиб ўтиш тўловини тақдим этади». Тўлов «чиқиб кетгандан сўнг реинтеграция ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган», дейилади билдиришномада.
Ихтиёрий чиқиб кетиш дастлабки босқичда 17 ёшли муҳожирларга таклиф этилади. Буни, шунингдек, иммиграция масалалари бўйича судья ҳам тасдиқлаши керак бўлади. Тўлов муҳожирлар ўз ватанларига етиб келгач амалга оширилади.
АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) HHS билан ҳамкорликда «фақат ихтиёрий уйга қайтиш вариантини» таклиф қилаётганини маълум қилди. «Бу ихтиёрий вариант ота-оналар ҳамроҳлигисиз қолган болаларга танлов беради ва уларга ўз келажаклари ҳақида онгли қарор қабул қилиш имконини беради», — дейилади ICE баёнотида.
Тўлов, қонун бўйича 18 ёшга тўлгунича ёки муносиб васийга топширилгунга қадар уларни бошпаналар, васий оилалар ва бошқа муассасаларда жойлаштиришга мажбур бўлган HHS таркибидаги Қочқинларни жойлаштириш бошқармаси (ORR) ҳимоясида бўлган ҳамроҳсиз бола муҳожирлар учун мавжуд бўлади. Мексикадан келган бола муҳожирлар тўловни ололмайдилар, дея аниқлик киритади CBS News.
Ҳамроҳсиз бола муҳожирларга тўловлар — АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятининг ноқонуний муҳожирлар сонини, ҳам мажбурий депортация, ҳам «ўз-ўзини депортация» орқали кўпайтиришга қаратилган сўнгги ташаббусларидан бири.
2025 йил май ойида АҚШ расмийлари ноқонуний равишда АҚШда бўлган катта ёшли муҳожирларга ўз ихтиёри билан келиб чиққан мамлакатларига қайтиш эвазига 1000 доллар миқдорида тўлов таклиф қилган эди.