Трамп Администрацияси Илон Маскнинг DOGE департаментини тарқатиб юборди — Reuters

Тадбиркор Илон Маск раҳбарлик қилган Давлат бошқаруви самарадорлиги департаменти (DOGE) ваколат муддати тугашига 8 ой қолганида тарқатиб юборилди, дея аниқлади Reuters.

«У мавжуд эмас», — деди АҚШ Кадрлар хизмати бошқармаси бошлиғи Скотт Купор DOGEнинг мақоми ҳақидаги саволга жавоб бераркан. У бу энди «марказлашган тузилма» эмаслигини қўшимча қилди.

DOGE талаб қилган ҳукуматдаги ходимларни ёллашни тўхтатиш ҳам якунланди, дея таъкидлади Купор.

DOGE АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан Маск ташаббуси билан 2025 йил январида ташкил этилган бўлиб, 2026 йил июлигача ишлаши керак эди. DOGEнинг кўплаб функциялари Кадрлар хизмати бошқармасига (федерал ҳукумат ҳузуридаги агентлик) ўтди. DOGE ходимлари Трамп маъмуриятида бошқа вазифаларни ўз зиммасига олди, деб ёзади агентлик.

Трамп маъмурияти вакиллари, ҳатто 2025 йил май ойида Маск Трамп билан омма олдида жанжаллашганидан кейин ҳам, DOGEнинг энди мавжуд эмаслиги ҳақида очиқчасига эълон қилишмаган. DOGEнинг йўқолиши федерал ҳукуматнинг унга эътибор қаратиш бўйича бир неча ойлик саъй-ҳаракатларига кескин зид, деб ёзади Reuters. DOGE ўз фаолиятининг дастлабки ойларида Трамп, унинг маслаҳатчилари ва вазирлари департамент ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзишган, Маск эса ўз X платформасида унинг иши ҳақида мунтазам равишда гапирган.

DOGE ҳукумат харажатларини ўнлаб миллиард долларга қисқартирганини даъво қилган, бироқ ташқи молия экспертлари буни текшира олмаган, чунки бўлинма ўз иши ҳақида батафсил оммавий ҳисобот тақдим этмаган.

Tesla, SpaceX ва X раҳбари Илон Маск Дональд Трампнинг АҚШ президенти лавозимига номзодини очиқчасига қўллаб-қувватлаган, унинг сайловолди кампаниясини фаол молиялаштирган ва унда иштирок этган. Трамп лавозимга киришгач, Маск «махсус давлат хизматчиси» этиб тайинланди ва Америка ҳукуматининг харажатларини камайтириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган DOGEга раҳбарлик қилди. Май ойида Маск DOGE раҳбари сифатидаги фаолиятини якунлади. Маскнинг сиёсий фаолияти АҚШда норозиликларга сабаб бўлди, шунингдек, унинг бизнесига обрўсизлантирувчи зарар етказди, бу эса тадбиркорни Трамп маъмуриятини тарк этишга мажбур қилди. У кетганидан кейин миллиардер ва президент камида икки марта оммавий тортишувга киришди.