Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 21/12/2025

АҚШ кириш тақиқланган ва чекловлар ўрнатилган мамлакатлар рўйхатини кенгайтирди

АҚШ Президенти Дональд Трамп фуқароларига Қўшма Штатларга кириш тақиқланган ёки чекланган мамлакатлар сонини 19 тадан 39 тага кўпайтирувчи фармонни имзолади, деб хабар бермоқда CNN.

2026 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги мамлакатлар фуқаролари учун тўлиқ тақиқ кучга киради:

  • Буркина-Фасо;
  • Лаос;
  • Мали;
  • Нигер;
  • Сьерра-Леоне;
  • Жанубий Судан;
  • Сурия.

Бундан ташқари, тақиқ Фаластин мухторияти томонидан берилган ҳужжатларга эга бўлган шахсларга ҳам тааллуқли.

Лаос ва Сьерра-Леоне фуқаролари учун илгари ҳам кириш бўйича қисман чекловлар амал қилган.

Фуқароларига нисбатан қисман чекловлар жорий этилаётган давлатлар рўйхатига 15 та мамлакат кирди: Ангола, Антигуа ва Барбуда, Бенин, Кот-дʼИвуар, Доминика, Габон, Гамбия, Малави, Мавритания, Нигерия, Сенегал, Танзания, Тонга, Замбия ва Зимбабве.

Оқ уй баёнотига кўра, ушбу мамлакатлар АҚШни миллий ва жамоат хавфсизлигига таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун «маълумотларни текшириш, саралаш ва алмашишда жиддий камчиликлар» кўрсатмоқда.

Аввалроқ қисман тақиққа тушган Туркманистон учун Оқ уй енгиллик берди, чунки мамлакат расмийлари «сезиларли ютуқларни намойиш этди». Эндиликда Туркманистон фуқаролари АҚШга иммиграция бўлмаган визалар билан ташриф буюришлари мумкин, бироқ иммиграция визалари орқали кириш тақиқи ўз кучида қолади.

Трамп 2025 йил июнь ойида 12 та давлат фуқароларига киришни тақиқлаш ва еттита давлат фуқаролари учун чекловлар ўрнатиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Трамп ўзининг биринчи президентлик муддатида ҳам баъзи давлатлар фуқароларининг киришига тақиқ жорий этганди.