
АҚШ ва Хитой савдо уруши доирасида бир-бирига қарши киритган экспорт божларини 90 кунга камайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда икки мамлакатнинг қўшма баёнотида айтилган.
2025 йил 14 майга қадар АҚШ Хитой товарларига жорий 145%лик божларни 30%га туширади, Хитой эса Америка маҳсулотларига ўз тарифларини 125%дан 10%га қисқартиради.
Баёнотда икки томон ҳам “барқарор, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли иқтисодий ва савдо муносабатларининг муҳимлигини” тан олиши қайд этилган. Мамлакатлар, шунингдек, “иқтисодий ва савдо муносабатлари бўйича муҳокамаларни давом эттириш механизмини” яратишга келишиб олдилар.
“Бу муҳокамалар томонларнинг келишувига кўра, Хитой ва Америка Қўшма Штатларида ёки учинчи давлатда навбатма-навбат ўтказилиши мумкин”, — дейилади матнда.
Ўзаро божларни камайтириш бўйича келишув 2025 йил 10-11 май кунлари Женевада (Швейцария) бўлиб ўтган музокаралар якунида эришилди. Уларни АҚШ молия вазири Скотт Бессент ва Хитой вице-премьери Хэ Лифэн олиб борди.
2025 йил январида лавозимга киришган АҚШ президенти Дональд Трамп апрелга келиб Америка импортчилари томонидан Хитойдан келтириладиган товарлар учун тўланадиган божларни 145%га оширди. Хитой АҚШдан келтириладиган товарларга 125%лик божлар киритиш, шунингдек, баъзи нодир ер элементлари экспортини чеклаш билан жавоб қайтарди.
Reuters агентлигининг қайд этишича, АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши қарийб 600 миллиард долларга етган икки томонлама савдони тўхтатиб қўйди, таъминот занжирларини бузди ва Америка иқтисодиётида стагфляция хавфини келтириб чиқарди.