
АҚШ ноиммиграцион визалар олиш учун суҳбатга ёзилган барча ариза берувчилар учун қоидаларни янгилади. Ўзгартиришлар 2025 йил 6 сентябрдан кучга кирди. Бу ҳақда Давлат департаменти сайтида хабар берилган.
«АҚШ ноиммиграцион визалари (NIV) учун ариза берувчилар ўз фуқаролиги ёки доимий яшаш жойи бўлган мамлакатдаги АҚШ элчихонаси ёки консуллигида суҳбатга ёзилишлари керак», — дейилади хабарда.
Илгари бу турдаги визага исталган мамлакатда ҳужжат топшириш мумкин эди.
АҚШ ҳукумати ноиммиграцион визалар бермайдиган мамлакатлар фуқаролари бошқа давлатларнинг фақат муайян шаҳарларида ҳужжат топширишлари мумкин.
Давлат департаменти виза олиш учун суҳбатни кутиш муддати ариза берилган жойга боғлиқ эканидан огоҳлантирди. Фуқаролиги ёки яшаш жойи бўлган мамлакатдан ташқарида мурожаат қилганлар учун жараён «сезиларли даражада кўпроқ вақт олади».
Аввалдан режалаштирилган суҳбатлар учун ёзувлар, қоида тариқасида, ўз кучида қолади, дейилади хабарда.
Янги қоидалар A, G, C-2, C-3, НАТО визалари, шунингдек, дипломатик ёки хизмат визаларига тааллуқли эмас.
«Гуманитар ёки тиббий ҳолатларда, шунингдек, ташқи сиёсий сабабларга кўра камдан-кам истиснолар қилиниши мумкин», — дейилади хабарда.
АҚШ ноиммиграцион визаларига ўндан ортиқ виза турлари, жумладан, туристик (B-2), ишбилармонлик (B-1) ва таълим алмашинуви доирасидаги J визалари киради.