Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 18/03/2026

Ўзбекистон АҚШнинг Вашингтон штатида бош консулхона очмоқда, унга Аҳрор Бурхонов раҳбар этиб тайинланди

Сиэтл шаҳрида (Вашингтон штати, АҚШ) Ўзбекистоннинг бош консулхонаси ўз иш фаолиятини бошламоқда. Биринчи бош консул этиб шу пайтгача 3 йил давомида Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби бўлиб ишлаган Аҳрор Бурхонов тайинланди. Бу ҳақда у ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирди.

Йирик ватандошлар диаспоралари тўпланган Филадельфия, Чикаго, Орландо ва Сиэтл шаҳарларида бош консулхоналар очиш 2025 йилнинг ноябрь ойидаги президентнинг Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган эди.

Янги бош консулхоналарнинг асосий вазифаларидан бири этиб «АҚШнинг барча штатларида истиқомат қилувчи ўзбек диаспоралари билан самарали ҳамкорлик қилиш моделини ишлаб чиқиш ва муваффақиятли амалга ошириш» белгиланган. Улар инвестициявий-савдо блокини мустаҳкамлаш ва ишбилармонлик ҳамкорлигини кенгайтиришга, Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши вазифалари ва лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишга, шунингдек, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси маслаҳатчи-элчиси — президент администрациясининг АҚШдаги вакили ишига кўмаклашишга хизмат қилиши керак. Ушбу лавозимни Комил Алламжонов эгаллаб келмоқда.

Бунга қадар АҚШда Ўзбекистоннинг иккита дипломатик миссияси — Вашингтондаги (Колумбия округи) элчихонаси ва Нью-Йоркдаги бош консулхонаси мавжуд эди.

Аҳрор Бурхоновнинг таржимаи ҳоли

ТИВ сайти маълумотларига кўра, Аҳрор Бурхонов 2023 йил февраль ойида Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби этиб тайинланган. У Ташқи ишлар вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси ва ТИВ расмий вакили мақомига эга.

Бунга қадар Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида ишлаган ва у ерда ОАВ масалалари, оммавий дипломатия, туризм, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги икки томонлама муносабатларни мувофиқлаштирган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Бразилия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар учун масъул бўлган.

Дипломат сифатида Аҳрор Бурхонов ТИВнинг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик бошқармасида, ягона ахборот-таҳлил департаментида ҳамда халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил марказида ҳам фаолият юритган.

У Тошкентдаги халқаро Вестминстер университетининг иқтисодиёт бакалаври даражасига ва Корея тараққиёт институти Давлат сиёсати ва менежменти мактабининг ривожланиш сиёсати соҳасидаги магистрлик даражасига эга.