
АҚШ ва Исроил шанба куни Эронга ҳаво зарбаларини беришни бошлади, Теҳрон ва бошқа шаҳарларда кучли портлашлар қайд этилди, деб ёзмоқда The New York Times.
Ҳужумлар АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан бир неча ой давом этган таҳдидлар ва Америка кучларининг 2003 йилги Ироққа бостириб киришдан кейинги энг йирик миқдорда минтақага тўпланиши ортидан юз берди.
Исроил мудофаа вазири Исраэль Кац операция бошланганини эълон қилар экан, мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилганини маълум қилди. Мамлакат бўйлаб аҳолини эҳтимолий жавоб зарбаларидан огоҳлантирувчи ҳаво ҳужумидан мудофаа сиреналари янгради.
2026 йил 26 февраль куни Америка ва Эрон мулозимлари Теҳроннинг ядровий дастури билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш бўйича навбатдаги музокаралар раундини ўтказган эди, бироқ улар муваффақиятсиз якунланди.
Трамп Эрон аҳолисига: «Имкониятни бой берманг»
Дональд Трамп видеомурожаатида «кенг кўламли ҳарбий операция» бошланганини эълон қилди:
«Мақсадимиз — Эрон режими, яъни жуда шафқатсиз ва даҳшатли одамлардан иборат гуруҳ томонидан келаётган бевосита таҳдидларни бартараф этиш орқали Америка халқини ҳимоя қилишдир. Унинг хавфли фаолияти Қўшма Штатларга, қўшинларимизга, хориждаги базаларимизга ва бутун дунёдаги иттифоқчиларимизга бевосита таҳдид солмоқда».
АҚШ президенти ҳарбий операция якунланганидан кейин Эрон аҳолисида «эҳтимол, авлодлар учун ягона имконият» пайдо бўлишини таъкидлади. «Кўп йиллар давомида сиз Американи ёрдамга чақирдингиз, лекин ҳеч қачон бу ёрдамни олмадингиз», — деди.
«Ўз тақдирингизни ўз қўлингизга олиш ва жуда яқин бўлган фаровон ҳамда шонли келажакни очиш вақти келди. Ҳозир ҳаракат қилиш вақти. Бу имкониятни бой берманг», — деб баёнот берди Дональд Трамп.
Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси огоҳлантириши
Ўзбекистоннинг Тель-Авивдаги элчихонаси 2026 йил 28 февраль куни Исроил ҳудудига кучли ракета зарбалари берилиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.
«Сиздан барча мумкин бўлган шахсий хавфсизлик чораларини кўришингизни ва Исроил орқа фронти қўмондонлиги кўрсатмаларига қатъий амал қилишингизни сўраймиз», — дейилади хабарда.
Элчихона ўта зарурат бўлмаса, дипломатик ваколатхона ва бошқа жойларга ташриф буюрмасликка, ўққа тутиш вақтида эса бошпаналарни тарк этмасликка чақирди.
Исроил узра ҳаво ҳудуди ёпилган. Ўзбекистоннинг Qanot Sharq компаниясига тегишли бўлган Тошкент-Дубай йўналишидаги HH901 рейси самолёти ортига қайтди.