
2026 йил 17 февраль куни Женевада АҚШ ва Эрон ўртасида Теҳроннинг ядровий дастури билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш бўйича музокараларнинг иккинчи раунди бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда BBC News.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи икки давлат асосий «раҳбарий тамойиллар» бўйича ўзаро тушунишга эришганини, бироқ иш ҳали якунланмаганини айтди. АҚШ томони эса «илгарилашга эришилганини» қайд этди.
Билвосита музокаралар АҚШ томонидан Эрондаги ҳукуматга қарши норозилик намойишларининг шафқатсизларча бостирилиши ва ядровий дастур бўйича давом этаётган баҳслар сабабли Теҳрон манзилига йўлланган бир неча ҳарбий таҳдидлардан сўнг амалга оширилди.
АҚШ ва унинг европалик иттифоқчилари Эрон ядровий қурол ишлаб чиқиш сари интилмоқда, деб гумон қилади. Теҳрон эса буни доимо инкор этиб келган.
Уммон воситачилигида ўтган Женева музокаралари олдидан Эрон учрашув унинг ядровий дастури ва АҚШ томонидан жорий этилган иқтисодий санкцияларнинг эҳтимолий бекор қилинишига бағишланишини билдирган эди.
Шу билан бирга, АҚШ бундан аввал кун тартибини кенгайтиришни талаб қилган эди. Вашингтоннинг талаблари орасида — Эроннинг уранни мустақил қайта ишлашдан воз кечиши, баллистик ракеталар масофасини чеклаш, Яқин Шарқдаги эронпараст гуруҳларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш ва «ўз аҳолисига бўлган муносабат» каби масалалар бор.
«Энди бизда аниқ ҳаракатлар режаси бор, бу менинг фикримча, ижобий натижадир», — деди Арагчи. У учрашувда айнан қайси масалалар муҳокама қилингани ва навбатдагиси қачон бўлишига аниқлик киритмади.
New York Times нашри музокаралар жараёнидан хабардор бўлган уч нафар эронлик мулозимга таяниб ёзишича, Эрон уранни бойитишни уч йилдан беш йилгача тўхтатишга, шундан сўнг фуқаролик мақсадларида уранни бойитиш бўйича минтақавий консорциумга қўшилишга тайёрлигини билдирган. Шунингдек, Теҳрон халқаро инспекторлар иштирокида ўз ҳудудидаги уран захираларини суюлтиришга тайёр. Бунинг эвазига Эрон АҚШдан молиявий ва банк санкцияларини ҳамда нефть сотишга қўйилган эмбаргони бекор қилишни талаб қилган. Бундан ташқари, Эрон АҚШга молиявий рағбатлантириш чораларини, жумладан, мамлакатнинг нефть ва энергетика соҳаларига инвестиция киритиш имкониятларини таклиф этган.
АҚШ президенти Дональд Трамп Теҳрон мулоқотга мойил деган фикрни билдирди.
«Ўйлашимча, улар келишувга эришилмаслиги олиб келадиган оқибатларни исташмайди», — деди Трамп ва Эрон ўтган ёздаги музокаралардаги қатъий позициядан, яъни Қўшма Штатлар Эроннинг ядровий объектларига зарба берганидан сабоқ чиқарганини қўшимча қилди.
«Биз уларнинг ядровий салоҳиятини йўқ қилиш учун B-2 бомбардимончиларини юбориш ўрнига келишув имзолашимиз мумкин эди. Ва биз B-2 ни юборишга мажбур бўлдик, — деди АҚШ президенти. — Умид қиламанки, улар кўпроқ мулоҳазакорлик кўрсатишади».
Трампнинг таҳдидлари сўнгги ҳафталарда АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий қудрати оширилаётган бир пайтда янгради. Аввалроқ Вашингтон минтақага Abraham Lincoln авиаташувчисини юборган эди. 13 февраль куни Трамп Форс кўрфазига АҚШнинг энг йирик авиаташувчиси — USS Gerald R. Ford ни юбориш ҳақида фармойиш берди. У минтақага март ойи охиригача етиб келади.
Эрон бунга ўз кучини кўрсатиш билан жавоб қайтарди. 16 февраль куни Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Ўмон ва Эрон ўртасидаги Форс кўрфазида жойлашган Ҳурмуз бўғозида денгиз машқларини бошлади.
Бу бўғоз муҳим халқаро сув йўли ва Форс кўрфазидаги араб давлатларидан нефть экспортининг асосий йўналиши ҳисобланади.
АҚШ ва Эрон ўртасидаги илк билвосита музокаралар 6 февраль куни Уммон пойтахти Масқат шаҳрида бўлиб ўтган эди.