Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 26/03/2026

Трамп АҚШ ва Эрон ўртасида «маҳсулдор» музокаралар ўтганини маълум қилди. Теҳрон буни рад этмоқда

АҚШ Президенти Дональд Трамп 2026 йил 23 март куни АҚШ ва Эрон ўтган ҳафта охиридан буён ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича «жуда яхши ва маҳсулдор музокаралар» олиб бораётганини, шу сабабли Пентагонга Эрон электр станциялари ва энергетика инфратузилмасига бериладиган зарбаларни беш кунга кечиктиришни топширганини маълум қилди, деб ёзмоқда CNN ва Guardian.

2026 йил 22 март куни Трамп агар Теҳрон 48 соат ичида Ҳурмуз бўғозини очмаса, Эрон электр станцияларига зарба бериш билан таҳдид қилган эди. Бунга жавобан Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) бўғозни бутунлай ёпиб қўйиш ва АҚШнинг минтақадаги иқтисодий манфаатларига ҳужум қилиш билан таҳдид қилди.

«Ҳафта давомида давом этадиган ушбу чуқур, батафсил ва конструктив музокараларнинг характери ва оҳангидан келиб чиқиб, мен Мудофаа вазирлигига Эрон электр станциялари ва энергетика инфратузилмасига ҳар қандай ҳарбий зарбаларни беш кунга кечиктиришни топширдим», — деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.

Кейинроқ Трамп музокараларда унинг махсус вакили Стив Уиткофф ва президентнинг куёви Жаред Кушнер иштирок этганини айтди. «Деярли барча масалалар бўйича муҳим кесишиш нуқталарига эга бўлдик… Эронликлар келишув тузишни жуда хоҳлашмоқда. Биз ҳам келишув тузишни хоҳлаймиз», — деди Оқ уй раҳбари.

Трамп Эрон томонидан ким музокара олиб борганига аниқлик киритмади. «Биз энг кўп ҳурмат қилинадиган ва „етакчи“ деб ҳисобланадиган шахс билан иш олиб боряпмиз. Бу бироз мураккаб — биз ҳаммани йўқ қилганмиз», — дея қўшимча қилди Америка президенти.

Эрон ТИВ вакили ўз навбатида 2026 йил 28 февралда уруш бошланганидан бери АҚШ билан ҳеч қандай музокара ўтказилмаганини маълум қилди. Эрон парламенти спикери Муҳаммад-Бақир Ғолибаф ҳам X ижтимоий тармоғида АҚШ билан ҳеч қандай музокара олиб борилмаётганини ёзди. «Молия ва нефть бозорларини манипуляция қилиш ҳамда АҚШ ва Исроил тушиб қолган ботқоқдан чиқиш учун фейк хабарлардан фойдаланилмоқда», — деди.

Трампнинг 2026 йил 23 март кунги баёноти нефть нархининг бир баррель учун 100 доллардан пастга тушишига олиб келди, бироқ Ғолибафнинг раддиясидан сўнг нархлар яна кўтарила бошлади, деб қайд этади Reuters.

Вазиятдан хабардор бўлган бешта манбанинг CNN’га маълум қилишича, бир неча давлат АҚШ ва Эрон ўртасида келишувга эришишда воситачилик қилмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

Телеканал суҳбатдошлари музокараларда Покистон, Туркия, Миср ва Уммон иштирок этаётганини айтишган. Уларнинг дипломатик саъй-ҳаракатлари ўт очишни тўхтатишга эришиш ва Ҳурмуз бўғози орқали кемаларнинг хавфсиз ўтишини таъминлашга қаратилган.

CNN’нинг икки манбаси АҚШ Покистон орқали Эронга 15 банддан иборат талаблар рўйхатини топширганини хабар қилди, бироқ Теҳрон ушбу шартларнинг бирортасига рози бўлган-бўлмагани номаълум. Трамп ушбу рўйхатдаги бир неча банд ҳақида гапириб берди. «Уларда ядро қуроли бўлмайди. Бу биринчи рақамли банд», — деди Оқ уй раҳбари.

У шунингдек, АҚШ Эроннинг юқори даражада бойитилган уранини олишда охиригача туришини таъкидлади. «Бизга ядро чанги керак. У бизга керак бўлади ва ўйлайманки, биз уни оламиз», — дея қўшимча қилди.

CNN манбаларининг таъкидлашича, муҳокама қилинаётган бошқа масалалар қаторида — Теҳроннинг мудофаа қобилиятини чеклаш, Эроннинг прокси кучларини қўллаб-қувватлашни тўхтатиш ва Исроилнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқини тан олиш бор.

Ҳурмуз бўғози АҚШ ва Исроил билан уруш бошланганидан деярли дарҳол Эрон томонидан тўсиб қўйилган эди. Дунёдаги нефтнинг 15–20 фоизи ва суюлтирилган табиий газнинг 30 фоиздан ортиғи айнан ушбу бўғоз орқали ўтади. Кемалар қатновининг тўхташи нефть нархининг кескин кўтарилишига сабаб бўлди.