
АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги ҳузуридаги Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) хабарига кўра, болаларни жинсий эксплуатация қилиш мақсадида одам савдоси билан боғлиқ 3 та жиноий иш юзасидан айбдор деб топилган Ўзбекистон фуқароси АҚШдан депортация қилинди.
Маълум қилинишича, у Аризона штатидаги Феникс шаҳридан юртига қайтарилган. Бу иш юзасидан бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган.
Бундай жиноятларга қарши кураш доирасида АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги Know2Protect номли мамлакат миқёсидаги ахборот кампаниясини давом эттирмоқда. Лойиҳанинг мақсади болалар, ўсмирлар, ота-оналар ва бошқа шахсларни интернетдаги жинсий зўравонлик ва эксплуатациядан хабардор қилиш ва ҳимоялашдан иборат. Кампания жабрланувчилар ва уларнинг яқинлари учун ресурслар тақдим этади, шунингдек, жиноятлар ҳақида қандай хабар бериш мумкинлигини тушунтиради.
Бундан бир неча кун аввал Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Абдулазиз Камилов Вашингтонда АҚШ давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау билан учрашди. Учрашувда АҚШ Ўзбекистонга миграция ва терроризмга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.