
АҚШ хорижий сайёҳлардан ноиммиграцион визалар олишда 250 доллар миқдорида янги йиғим (visa integrity fee) ундиришни жорий қилади, деб хабар бермоқда CNBC. Бу АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан 2025 йил июль ойи бошида имзоланган «Катта гўзал қонун» (One Big Beautiful Bill Act) қоидасида назарда тутилган.
Йиғим АҚШга ташриф буюрувчи, ноиммиграцион виза талаб қиладиган барча чет элликлар, жумладан, сайёҳлар, ишбилармон сайёҳлар ва хорижий талабалардан ундирилади. Йиғим миқдори инфляция ҳисобга олинган ҳолда тузатилади. Давлат департаменти маълумотларига кўра, 2024 молия йилида АҚШда қарийб 11 миллион ноиммиграцион виза берилган.
Йиғим бошқа виза йиғимларига қўшимча равишда олинади ва виза беришда тўланади. Виза сўровлари рад этилганлардан тўлов олинмайди.
«H-1B визаси билан АҚШга кириб келаётган ва ариза топширишда аллақачон 205 доллар тўлаган мутахассис янги йиғим кучга киргач, 455 доллар тўлаши кутилмоқда», — деди Reddy Neumann Brown PC фирмаси ҳуқуқшуноси Стивен Браун.
Йиғим қачон ва қандай тўлана бошлаши номаълум, деб ёзади CNBC. Қонунда бунга Ички ишлар вазирлиги (DHS) масъул этиб тайинланган, аммо бу идора визага ариза бериш, уни бериш ёки узайтириш жараёнига жавобгар эмас.
Қонун қоидасига кўра, саёҳатчилар тўланган йиғимни қайтариб олишлари мумкин бўлади, аммо бунинг учун улар берилган виза шартларига риоя қилишлари керак, жумладан, «рухсатсиз иш»га жойлашмаслик ва унинг амал қилиш муддатини беш кундан ортиқ оширмаслик. Маблағлар сайёҳлик визасининг амал қилиш муддати тугагандан сўнг қайтарилади. Бироқ, кўплаб визалар бир неча йилга берилади, шунинг учун АҚШ Конгрессининг Бюджет бошқармаси «оз сонли одамлар маблағларни қайтариш учун мурожаат қилади», деб ҳисоблайди.
Давлат департаменти вакили CNNга маълум қилишича, йиғим «[Трамп] маъмуриятининг иммиграция назоратини кучайтириш, виза муддати ўтиб кетишининг олдини олиш ва чегара хавфсизлигини молиялаштириш бўйича устувор вазифаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида» белгиланган.

