
АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти амалдаги миграция тақиқини 19 тадан 30 дан ортиқ мамлакатгача кенгайтириш ниятида эканлигини маълум қилди, деб хабар беради Reuters.
Ноэмнинг баёноти ўтган ҳафта Оқ уй яқинида АҚШ Миллий гвардиясининг икки жангчисига қилинган ҳужум ортидан янгради. Ҳарбий хизматчилардан бири олган жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этди. Ўқ отишда гумонланиб, 2021 йилда АҚШга кириб келган Афғонистон фуқароси ҳибсга олинган.
«Мен аниқ рақамни айтмайман, лекин у 30 дан ортиқ ва Президент мамлакатларни баҳолашни давом эттирмоқда», — деди Ноэм Fox News телеканалига берган интервьюсида, мамлакатлар рўйхатини 32 тагача кенгайтириш ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
У рўйхатга қайси мамлакатлар киришига аниқлик киритмади.
«Агар уларда [мигрантларда] барқарор ҳукумат бўлмаса, агар улар мустақил равишда мавжуд бўла оладиган, бизга бу одамлар кимлигини маълум қила оладиган ва уларни текширишга ёрдам бера оладиган мамлакат бўлмаса, нима учун биз бу одамларни Қўшма Штатларга киритишимиз керак», — деди Ноэм.
2025 йил июнь ойида Дональд Трамп Афғонистон ва Туркманистонни ўз ичига олган Африка, Лотин Америкаси ва Осиёнинг 19 та давлати фуқароларининг АҚШга киришига тақиқ ва чекловлар тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Бу мамлакатлар АҚШ учун юқори хавф туғдирадиган деб топилган.
Оқ уй яқинидаги отишмадан сўнг, АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати ушбу 19 та мамлакатдан барча иммиграция аризаларини кўриб чиқишни тўхтатди.
Аввалроқ Трамп АҚШга «барча учинчи дунё мамлакатларидан» миграцияни «бутунлай тўхтатиш», АҚШ фуқароси бўлмаганлар учун барча федерал имтиёзлар ва субсидияларни бекор қилиш, шунингдек, «мамлакатнинг ички тартибини бузаётган» муҳожирларни фуқароликдан маҳрум қилишни ваъда қилган эди.