АҚШ компанияси Ўзбекистонда 100 тагача ёқилғи қуйиш шохобчаси (ЁҚШ) қуришни кўриб чиқмоқда

Gulf компанияси ва «Ўзбекнефтгаз» Ўзбекистонда тахминан 100 миллион доллар қийматидаги ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини қуриш бўйича меморандум имзолади. Бу ҳақда аввалроқ Энергетика вазири хабар берган эди.

Вазирлик маълумотига кўра, лойиҳа тўлиқ хорижий таъсисчи томонидан амалга оширилади. Йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш доирасида, биринчи навбатда, магистраль йўллар бўйлаб, мамлакатнинг барча ҳудудларида 100 тагача ЁҚШ қурилиши режалаштирилган.

Ёқилғи қуйиш шохобчалари учун ёқилғи Республика товар-хом ашё биржасида умумий шартлар асосида сотиб олинади, шунингдек, импорт орқали ҳам етказиб берилади. ««Ўзбекнефтгаз» томонидан алоҳида имтиёзлар ёки тўғридан-тўғри етказиб беришлар назарда тутилмаган», — дея қайд этилди Энергетика вазирлигида.

Вазирликнинг тушунтиришича, меморандум мамлакат ҳудудида лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган давлат ҳамкори сифатида «Ўзбекнефтгаз» иштирокида имзоланган.

Аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» мамлакатдаги энг йирик ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи UNG Petro ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводига эгалик қилган. 2023 йил ноябрда ҳар икки актив собиқ Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг ўғли Данияр Камиловга тегишли бўлган Petroleum Technology Group компаниясига ўтган. Кейинчалик тармоқ номи Carvonга ўзгартирилди.

«Ўзбекнефтгаз»нинг 2023 йилдаги консолидациялашган молиявий ҳисоботи маълумотларига кўра, битим суммаси тахминан 519 миллиард сўмни (42,3 миллион доллар) ташкил этган бўлиши мумкин. Давлат активларини бошқариш агентлиги битим тафсилотларини ошкор қилмаган. 2023 йилда UNG Petro тармоғининг айланмаси 2,24 триллион сўмни ташкил этди, бу ўтган йилгига нисбатан 20% кўп.

Ҳозирда «Ўзбекнефтгаз» Тошкентдаги «Татнефть» ёқилғи қуйиш шохобчасининг ҳаммуассиси (49%) бўлиб қолмоқда.

Gulf Oil — Gulf бренди остида фаолият юритувчи Америка нефть компанияси. 1980–90-йиллардаги бир қатор битимлардан сўнг, Gulf бренди қайта тузилган, аммо лицензия форматида мавжуд бўлишда давом этган. 2023 йил декабрда RaceTrac компанияси АҚШда Gulf Oilни сотиб олишни якунлади ва ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоқларини бирлаштирди. Ҳозирда Gulf’нинг АҚШда 1100 дан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчаси мавжуд.