
АҚШ Давлат департаменти 2026 йил 21 январдан бошлаб «давлат нафақаларидан фойдаланиш хавфи юқори бўлган» 75 та давлат фуқаролари учун иммиграция визаларини расмийлаштиришни номаълум муддатга тўхтатишини эълон қилди.
Рўйхатда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Беларусь, Арманистон, Озарбайжон, Грузия ва Молдова бор (тўлиқ рўйхат қуйида келтирилган).
Тўхтатиш фақат иммиграция визаси учун мурожаат қилувчиларга тааллуқли. Сайёҳлик визалари аввалгидек берилаверади. Амалдаги иммиграция визалари бекор қилинмайди.
Кўрсатилган 75 та давлат фуқароси бўлган иммиграция визасига талабгорлар виза учун ариза топширишлари ва суҳбатдан ўтишлари мумкин, давлат департаменти эса уларга учрашув тайинлашда давом этади. Бироқ тўхтатиш даврида иммиграция визалари берилмайди.
Рўйхатда бўлмаган давлатнинг амалдаги паспорти билан ҳужжат топшираётган икки фуқароликка эга шахслар виза олишлари мумкин.
«Президент [Дональд] Трамп иммигрантлар молиявий жиҳатдан мустақил бўлишлари ва америкаликлар учун молиявий юк бўлмасликлари кераклигини аниқ тушунтирди. Давлат департаменти ушбу хавфи юқори бўлган давлатлардан келган иммигрантлар Қўшма Штатларда ижтимоий нафақалардан фойдаланмаслиги ёки жамият учун юк бўлмаслигини кафолатлаш мақсадида барча сиёсатлар, қоидалар ва кўрсатмаларни ҳар томонлама қайта кўриб чиқмоқда», — дейилади Давлат департаменти баёнотида.
2026 йил 21 январдан бошлаб фуқароларига иммиграция визалари берилиши тўхтатиладиган давлатлар рўйхати:
Афғонистон, Албания, Жазоир, Антигуа ва Барбуда, Арманистон, Озарбайжон, Багама ороллари, Бангладеш, Барбадос, Беларусь, Белиз, Бутан, Босния ва Герцеговина, Бразилия, Мьянма, Камбоджа, Камерун, Кабо-Верде, Колумбия, Кот-д’Ивуар, Куба, Конго Демократик Республикаси, Доминика, Миср, Эритрея, Эфиопия, Фижи, Гамбия, Грузия, Гана, Гренада, Гватемала, Гвинея, Гаити, Эрон, Ироқ, Ямайка, Иордания, Қозоғистон, Косово, Қувайт, Қирғизистон Республикаси, Лаос, Ливан, Либерия, Ливия, Молдова, Моғулистон, Черногория, Марокаш, Непал, Никарагуа, Нигерия, Шимолий Македония, Покистон, Конго Республикаси, Россия, Руанда, Сент-Китс ва Невис, Сент-Люсия, Сент-Винсент ва Гренадин ороллари, Сенегал, Сьерра-Леоне, Сомали, Жанубий Судан, Судан, Сурия, Танзания, Таиланд, Того, Тунис, Уганда, Уругвай, Ўзбекистон ва Яман.

