
АҚШ Эрон билан «бизнес юритаётган» мамлакатлардан келадиган товарларга 25 фоиз миқдорида божлар жорий қилмоқда. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди. Ушбу қадам мамлакатдаги оммавий протестлар билан тўқнашаётган Эрон ҳукуматига нисбатан босимни кучайтиради, деб ёзади CNN.
«Бугундан бошлаб Эрон Ислом Республикаси билан бизнес юритаётган ҳар қандай давлат Америка Қўшма Штатлари билан амалга ошириладиган ҳар қандай бизнес учун 25 фоиз миқдорида бож тўлайди. Ушбу буйруқ якуний ҳисобланади ва устидан шикоят қилинмайди», — деди Трамп.
АҚШ президенти бошқа тафсилотларни келтирмади. Трамп, шунингдек, Эрон билан «бизнес юритиш» деганда айнан нима назарда тутилиши ва ушбу божлар аввал жорий этилганлари билан қўшиб ҳисобланиши ёки йўқлигига аниқлик киритмади, деб қайд этади CNN ва Washington Post.
Трампнинг баёноти унинг Эрондаги намойишчиларни «қутқариш» учун АҚШнинг ҳарбий аралашуви мумкинлиги ҳақидаги тахминлари фонида янгради. Эрондаги оммавий протестлар учинчи ҳафтадирки тинмаяпти.
Американинг Human Rights Activist News Agency (HRANA) ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотларига кўра, 12 январь ҳолатига кўра, 646 нафар намойиш иштирокчиси ва 133 нафар Эрон хавфсизлик кучлари ходими ҳалок бўлган, 10 мингдан ортиқ киши қўлга олинган. Сўнгги бир неча кун давомида мамлакатда интернет деярли тўлиқ ўчирилган, шу боис қурбонларнинг аниқ сони номаълум.
Янги тариф Хитой товарлари учун божларнинг 20 фоиздан 45 фоизгача кўтарилишини англатиши мумкин, деб аниқлик киритади CNN.
Хитой ТИВ Оқ уйнинг ҳаракатларини аллақачон қоралади. «Хитойнинг тарифлар борасидаги позицияси жуда аниқ: тарифлар урушида ғолиблар бўлмайди ва Хитой ўз қонуний ҳуқуқ ҳамда манфаатларини қатъий ҳимоя қилади», — деди матбуот котиби Мао Нин.
Хитой расмийлари маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки 11 ойида Хитой Эронга 6,2 млрд долларлик товар экспорт қилган ва 2,85 млрд долларлик импорт амалга оширган.
Бу рақамлар Хитой оммавий равишда ошкор қилмайдиган нефть етказиб беришни ўз ичига олмайди, деб ёзади CNN. Таҳлилчиларнинг баҳолашича, сўнгги йилларда ХХР воситачилар орқали импорт қилинадиган Эрон нефтининг 90 фоиздан ортиғини сотиб олган.
Хитойдан ташқари, Ҳиндистон, БАА ва Туркия Эроннинг асосий савдо ҳамкорлари ҳисобланади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Эрон Ўзбекистон учун 17-йирик савдо ҳамкори ҳисобланади (мамлакат умумий ташқи савдо айланмасининг 0,7 фоизи). 2025 йилнинг 11 ойида ўзаро товар айланмаси 16,2 фоизга ўсиб, 446,6 млн доллардан 519,2 млн долларга етди. Ўзбекистон Эрон бозорига 140,1 млн долларлик товар ва хизматлар экспорт қилган (-6,1%), бу олтинни ҳисобга олмагандаги жами экспортнинг 0,66 фоизини ташкил этади.
АҚШ 13-ўринни эгаллаб турибди. Ўзбекистон билан савдо алоқалари ушбу даврда 10,7 фоизга ўсиб, 871,9 млн долларни ташкил этди. Америка бозорига Ўзбекистон экспорти 215,8 млн долларни ташкил қилди (аввал 293,5 млн доллар бўлган).

