
Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари саноат ва савдо ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган миллиардлаб долларлик қатор йирик келишувларни имзолади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти баёнотида айтилади. Ҳужжатлар президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи чоғида имзоланган.
Хусусан, томонлар 3 йил давомида 5 миллиард долларлик автокомпонентлар импорти, шунингдек, «UzAuto Motors’нинг бўлажак сотуви ва хусусийлаштирилиши доирасида ҳамкорликни кенгайтириш» масаласини ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Хусусийлаштириш дастурига кўра, Chevrolet бренди остида автомобиллар ишлаб чиқарувчи (баъзи моделлари импорт қилинади) UzAuto Motors 2026 йилнинг биринчи чорагида сотувга қўйилиши режалаштирилган эди.
UzAuto Motors’даги ҳолат
Сотувлар пасайиши фонида компаниянинг 2025 йил январь-сентябрь ойларидаги тушуми 12,8% ёки 5,2 трлн сўмга (35,4 трлн сўмгача ёки 2,93 млрд долларга) камайди. Соф фойда 3,6%га — 2,66 трлн сўмгача (220 млн доллар) қисқарди.
2025 йил ярим йиллик якунларига кўра, соф фойданинг пасайиши 27,5%ни ташкил этган бўлса, учинчи чоракда (июль-сентябрь) компания молиявий кўрсаткичларини кескин яхшилашга муваффақ бўлди.
2025 йил 3-чорак натижаларига кўра, UzAuto Motors 1,27 трлн сўм соф фойда олди — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 426 млрд сўмга (+50,7%) кўп. Шу билан бирга, тушум 17,2%га — 17,15 трлн сўмдан 14,19 трлн сўмгача камайди. Бироқ, таннарх янада кўпроқ пасайди (−21,5%), бу ялпи маржани бир йил аввалги 15,3%га нисбатан 19,6%га ошириш имконини берди.
Молиявий даромадлар уч баробар — 266 млрд сўмдан 842 млрд сўмгача ўсди, бунга асосан ижобий курс фарқлари сабаб бўлди.
Эътиборли жиҳати шундаки, фойда солиғи 23%га — 263 млрд сўмгача қисқарди.
Йиллик ҳисобда Chevrolet’нинг бозордаги расмий улуши сотувларнинг 26 мингга — 245,1 минггача камайиши ҳисобига 89,4%дан 82,7%га қисқарди. Деярли барча моделлар бўйича сотувлар пасайди: бозор етакчиси Cobalt (−4,2%), Tracker (−12%), Onix (−37,8%).
ADM Jizzakh’нинг улуши 6,5%дан 11,1%гача ўсди, сотувлар эса 19 766 тадан 32 987 тагача кўпайди. Завод Kia, Chery ва Haval’ни етказиб беради.
BYD компаниясининг бозордаги улуши 2024 йилги 3,8%га нисбатан 5,7%ни ташкил этмоқда, сотувлар 11 580 тадан 16 846 тагача ошди.
UzAuto Motors бош директори Янош Ковач аввалроқ стратегияни ўзгартириш кераклигини айтган ва саккизта янги моделни, жумладан, Cobalt’нинг янгиланган версиясини ишлаб чиқиш ҳақида хабар берганди.
2025 йил 3 ноябрь куни UzAuto Motors Cobalt автомобилларининг янги партияси учун шартнома тузиш жараёнида 2,5 соат ичида 100 мингта автомобиль учун олдиндан буюртма олди. Уларнинг нархи 146,5 миллион сўмдан (тахминан 12,1 минг доллар) бошланади, яъни корхона 1,2 миллиард долларлик Cobalt ишлаб чиқариш учун буюртма олди.

