АҚШ Афғонистондаги Баграм авиабазасини қайтариб олмоқчи — Трамп

АҚШ Афғонистондаги Баграм авиабазаси устидан назоратни қайтариб олишга ҳаракат қилмоқда, бу ҳақда Америка президенти Дональд Трамп Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида баёнот берди.

«Биз Баграмни, йирик авиабазани, дунёдаги энг йирик авиабазалардан бирини сақлаб қолмоқчимиз. Биз уни уларга текинга бериб юбордик. Айтганча, биз уни қайтариб олишга ҳаракат қиляпмиз», — деди.

«Биз уни қайтариб олишга ҳаракат қиляпмиз, чунки уларга [“Толибон” ҳаракатига — таҳр.] биздан бир нима керак. Биз бу базани қайтариб олишни истаймиз», — дея такрорлади Трамп.

«Биз бу базани исташимизнинг сабабларидан бири шундаки, биласизми, у Хитой ўз ядро қуролини ишлаб чиқарадиган жойдан бир соатлик масофада жойлашган», — дея қўшимча қилди АҚШ президенти.

СССР томонидан қурилган Баграм авиабазаси 2001 йилда Афғонистонда ҳарбий операция бошланганидан бери Америка қўшинлари томонидан фойдаланиб келинган. 2021 йилда АҚШ ҳарбийлари мамлакатдан олиб чиқиб кетилгани ва Афғонистон ҳукумати қулаганидан сўнг, у “Толибон” назоратига ўтган.

Толиблар АҚШ ҳарбийларининг қайтишига тайёр эмасликларини билдиришди.

«Афғонистон ва АҚШ бир-бири билан… АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий иштирокисиз ҳамкорлик қилиши керак», — деб ёзди Афғонистон ТИВ вакили Зокир Жалолий X (собиқ Twitter) тармоғида, икки давлат «ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатлар асосида» иқтисодий ва сиёсий алоқаларни ўрнатиши мумкинлигини таъкидлаб.

«Афғонлар тарихда ҳеч қачон ҳеч кимнинг ҳарбий иштирокига рози бўлишмаган. Аммо ҳамкорликнинг бошқа турлари учун улар [АҚШ] учун барча йўллар очиқ», — дея қўшимча қилди Жалолий.

Washington Post нашрининг таъкидлашича, Вашингтон “Толибон”ни Афғонистоннинг расмий ҳукумати деб тан олмайди ва толиблар билан очиқ муносабатларни америка фуқароларини Афғонистондаги қамоқдан озод қилиш бўйича музокаралар билан чеклаган.

CNN телеканали манбаларга таяниб ёзишича, Баграм базасини АҚШ назоратига қайтариш ҳақидаги суҳбатлар Трамп маъмуриятида камида 2025 йил март ойидан бери давом этмоқда. Трамп ва унинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари база бир нечта сабабларга кўра зарур деб ҳисоблашади, жумладан, Хитойни кузатиш, Афғонистондаги тоғ-кон саноатига кириш имкониятини қўлга киритиш, ИШИДга қарши кураш марказини яратиш ва, эҳтимол, дипломатик миссияни қайта бошлаш учун.

Телеканал суҳбатдошларининг сўзларига кўра, бу мақсадларнинг барчаси АҚШнинг ҳарбий иштирокини талаб қилади. Бироқ, Трамп ўз биринчи муддати давомида 2020 йилда “Толибон” билан тузган келишув Америка қўшинларини Афғонистондан тўлиқ олиб чиқиб кетишни назарда тутган эди.