
Президент Дональд Трамп АҚШнинг «Америка манфаатларига бошқа хизмат қилмайдиган» 66 та халқаро ташкилот таркибидан чиқиши тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй сайтида хабар берилди.
Ушбу ташкилотлардан 31 таси БМТ тузилмалари бўлиб, Оқ уйнинг таъкидлашича, улар «АҚШ миллий манфаатлари, хавфсизлиги, иқтисодий фаровонлиги ёки суверенитетига зид равишда ҳаракат қилмоқда». Фармон АҚШнинг барча ижро этувчи департаментлари ва агентликларига ушбу ташкилотлардаги иштирокини ва уларни молиялаштиришни тўхтатишни топширади.
«Бу АҚШ устуворликларига зарар етказган ҳолда глобалистик манфаатларни илгари сурадиган ёки муҳим масалаларни самарасиз ва нооқилона ҳал қиладиган ташкилотларда америкалик солиқ тўловчиларнинг иштироки ва уларни молиялаштиришига чек қўяди», — дейилади Оқ уй хабарида.
Фармон таъсири остига, хусусан, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси, БМТнинг Халқаро савдо маркази, шунингдек, БМТнинг иқлим ва меҳнат ҳуқуқи масалалари билан шуғулланувчи муассасалари тушади.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Қўшма Штатлар аъзо бўлган халқаро ташкилотларни текшириш давом этишини таъкидлади.
Дональд Трамп Оқ уйга қайтганидан бери, шунингдек, АҚШнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Париж битими, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши, БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш агентлиги (UNRWA) ва ЮНЕСКОдан (қарор 2026 йил 31 декабрда кучга киради) чиқиши ҳақидаги фармонларни ҳам имзолаган эди.