Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 14/03/2026

АҚШдан яна 65 нафар Ўзбекистон фуқароси депортация қилинди

2026 йил 11 март куни АҚШдан Ўзбекистонга навбатдаги депортация рейси етиб келди ва Қўшма Штатларда қолиш учун қонуний асосларга эга бўлмаган 65 кишини Ватанига қайтарди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилди.

«Ушбу рейс АҚШнинг ўз чегаралари хавфсизлигини таъминлаш борасидаги қатор ҳаракатларининг навбатдаги қадами бўлди», — дейилади хабарда.

Дипломатик миссиянинг қайд этишича, президент Дональд Трамп лавозимига киришганидан бери АҚШдан 1000 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси депортация қилинган.

«АҚШга ноқонуний равишда кириб келаётган шахслар қамоқ жазоси ва депортацияга дучор бўладилар. Қўшма Штатлар АҚШнинг депортация операцияларига кўмаклашишда яқиндан ҳамкорлик қилгани учун Ўзбекистон ҳукуматига чуқур миннатдорлик билдиради», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларнинг қайтарилгани ҳақида хабар берар экан, депортация рейсининг келиши мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг «яна бир муҳим намунаси» эканини таъкидлади.

«Мамлакатимиз фуқароларининг бошқа давлатлардаги хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ватанига қайтариш борасида ҳамкорлик давом этмоқда», — деб таъкидлади ТИВ.

2026 йил январь ойида АҚШдан репатриация рейси билан 44 нафар Ўзбекистон фуқароси Тошкентга етиб келган эди. Уларнинг аксарияти Мексика билан чегарани кесиб ўтгандан сўнг миграция марказларида бўлган. Ўшанда бу Дональд Трамп ҳокимиятга келганидан бери йил давомидаги ҳисоб бўйича 11-рейс экани хабар қилинганди. Ушбу рейслар орқали жами 700 га яқин киши ватанига олиб келинган.

Рейс аввалгилари каби Американинг Omni Air International чартер авиакомпанияси томонидан амалга оширилди. Самолёт Тошкентга тушдан кейин қўнган.