
АҚШ президенти Дональд Трамп Осиё, Африка ва Лотин Америкасининг 12 та давлати фуқароларининг АҚШга киришини тақиқлаш ҳамда яна еттита давлат фуқароларининг киришига чекловлар ўрнатиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тақиқ 2025 йил 9 июндан кучга киради.
Афғонистон, Мьянма, Чад, Конго Республикаси, Экваториал Гвинея, Эритрея, Гаити, Эрон, Ливия, Сомали, Судан ва Яман фуқароларининг АҚШга кириши, хусусан, тақиқланди. Бу давлатлар «текширув ва таҳлил нуқтаи назаридан самарасиз ҳамда Қўшма Штатлар учун жуда юқори хавф туғдирувчи» деб тан олинган, дейилади фармонда.
Бурунди, Куба, Лаос, Сьерра-Леоне, Того, Венесуэла ва Туркманистон фуқароларига нисбатан қисман кириш тақиқи жорий этилди. Улар «ҳам Қўшма Штатлар учун юқори хавф даражасини ифодалайди».
Фармон қонуний доимий резидентлар, амалдаги виза эгалари, визаларнинг муайян тоифалари ва АҚШ миллий манфаатларига хизмат қиладиган шахслар учун истисноларни назарда тутади.
«Чекловлар ва тақиқлар… хорижий ҳукуматларни ҳамкорликка жалб қилиш, иммиграция қонунларимизга риоя этилишини таъминлаш ҳамда ташқи сиёсат, миллий хавфсизлик ва терроризмга қарши курашнинг бошқа муҳим мақсадларига эришиш учун зарур», — дейилади ҳужжатда.
Трамп ўз биринчи президентлик даврида ҳам баъзи давлатлар фуқароларининг киришига тақиқ жорий қилган эди. Ўшанда рўйхатга Куба, Эрон, Ливия, Шимолий Корея, Сомали, Судан, Сурия, Венесуэла ва Яман киритилган эди.

