Тошкент яқинида 5 млрд долларлик инвестиция билан «ақлли» тиббиёт шаҳарчаси қурилиши режалаштирилмоқда

Тошкент вилояти ҳокимлиги Tashkent Medical Smart City халқаро инновацион тиббиёт шаҳарчасини қуриш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги президент қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Ҳужжат Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги Дўстлик массивида 400 гектар майдонда умумий ҳажми 5 миллиард доллар бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига йирик тиббиёт кластерини яратишни назарда тутади.

Лойиҳа ташаббускори Жанубий Кореянинг HAEAHN Architecture архитектура компанияси иштирокида ташкил этилган TMSC компанияси ҳисобланади. Лойиҳа тиббиёт туризмини ривожлантириш, соғлиқни сақлашга илғор технологияларни жорий этиш ва яшаш ҳамда бизнес юритиш учун замонавий инфратузилмани яратишга қаратилган. Мажмуа 2034 йилгача қурилиши ва 7000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Тошкент вилояти маъмурий маркази қурилиши дирекцияси ер участкасини бозор қиймати бўйича «TMSC» МЧЖнинг устав капиталига улуш сифатида киритади.

Лойиҳа доирасида қурилиш режалаштирилган:

  • замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган, тиббиёт туристларини қабул қиладиган йирик тиббиёт муассасаси;
  • тиббиёт маркази ва шошилинч тиббий ёрдам маркази;
  • Жанубий Кореянинг нуфузли тиббиёт университети филиали;
  • тиббий йўналишдаги халқаро мактаб ва болалар боғчаси;
  • корейс услубидаги мавзе (маданий, савдо ва гастрономик кўча, туристик объектлар ва б.);
  • бизнес- ва савдо маркази, меҳмонхоналар;
  • кўп қаватли турар-жой мажмуаси ва бошқа объектлар.

Барча ички муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялар — электр таъминоти, сув қувури, канализация, йўллар, кўприклар, сунъий сув ҳавзалари — инвестор ҳисобидан қурилади. Лойиҳа чегараларигача бўлган ташқи инфратузилма республика бюджети ва Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Лойиҳа якунлангандан сўнг муҳандислик-коммуникация ва транспорт объектлари Тошкент вилояти балансига бепул ўтказилади.

Амалга оширишни тезлаштириш учун «fast-track» схемаси — тайёр объектларни «калит топшириш» (EPC) тамойили асосида фойдаланишга топшириш билан бир вақтда лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қуриш қўлланилиши назарда тутилган.

Ер участкаларининг жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачилари, кўчмас мулк объектлари эгалари кўрган зарар инвестор томонидан қопланади.

Шунингдек, лойиҳада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чоралари назарда тутилган. Инвестор кўп йиллик дарахтларни кўчириб ўтказишнинг имкони бўлмаган тақдирда, ҳар бир дарахт учун 30 та кўчат (камида 3 ёшли) экиш орқали компенсация қилиши шарт. Кўчириб ўтказилган ҳар бир дарахт учун инвестор ва пудратчилар 10 та кўчат (шунингдек, 3 ёшдан кичик бўлмаган) экишлари ва уларга 3 йил давомида қарашлари керак.

Агар инвестор назарда тутилган мажбуриятларни бажармаса, ер участкаси сарфланган харажатлар қопланмаган ҳолда дирекция ихтиёрига қайтарилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябрь ойида HAEAHN компанияси бош директори Ким Сон Хун тиббиёт кластерининг мастер-режасини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга тақдим этган эди. Лойиҳа қиймати 500 миллион долларга баҳоланган ва ишга туширилгандан сўнг 10 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган эди. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари (ТИА)ни 20 октябргача ишлаб чиқиш, биринчи босқични эса 2026 йил декабрь ойида ишга тушириш мўлжалланган эди.

Жанубий Корея компаниялари делегацияси таркибига кирган HAEAHN Architecture вакиллари Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Даврон Одилов билан учрашувда Жанубий Кореянинг илғор тажрибасидан фойдаланган ҳолда «Янги Тошкент» лойиҳаси доирасида тиббиёт кластерини яратишда иштирок этишга қизиқиш билдирган эди. Компания нафақат тиббиёт кластери қурилиши билан чекланиб қолмаслиги, балки Янги Тошкентдаги турар-жой мажмуаларига ҳам сармоя киритишни режалаштираётгани қайд этилган.

HAEAHN Жанубий Кореяда ўнлаб тиббиёт муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларини лойиҳалаштирган.

2007—2009 йилларда компания ҳозирги Tashkent City ҳудудидаги бизнес мажмуасининг лойиҳа-дизайнини ишлаб чиққан эди. Унда ҳам турар-жой ва бизнес мажмуалари, фавворали кўл ва яшил зоналар назарда тутилган эди. Шу билан бирга, собиқ «Кино уйи»ни сақлаб қолиш режалаштирилган эди.