
2026 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистоннинг тўртта ҳудудидаги ИИВ миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларида эксперимент тариқасида сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ва ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имкониятига эга «ақлли» миграция пунктлари (Smart migration station) ишга туширилиши керак. Бу президентнинг 2026 йил 19 январдаги қарорида кўзда тутилган.
Бундай пунктлар Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг биттадан туманида (шаҳрида) пайдо бўлиши лозим. Эксперимент якунларига кўра, келгуси йилда «ақлли» миграция пунктларини бошқа ҳудудларда, шунингдек, савдо ва кўнгилочар марказларида, туристик зоналарда очиш режалаштирилган.
Lex.uz сайтида эълон қилинган ҳужжатга кўра, бошланғич босқичда «ақлли» пунктларда қуйидаги давлат хизматларини олиш мумкин бўлади:
- Жойнинг ўзида расмийлаштириладиган хизматлар
- Ўзбекистон фуқаросининг идентификация ID-картасини расмийлаштириш ва алмаштириш;
- уй-жой мулкдори томонидан яшаш жойи ва бўлиш жойи бўйича рўйхатга қўйиш;
- мулкдорнинг ташаббуси билан фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан чиқариш;
- яшаш жойи бўйича рўйхатни мустақил равишда бекор қилиш;
- Ўзбекистон фуқароларини бўлиш жойи бўйича рўйхатга олиш;
- яшаш жойи ҳақида маълумотнома бериш;
- турар жойда рўйхатда турган ва яшаётган шахслар ҳақида маълумотнома олиш;
- судланганлик бор ёки йўқлиги ҳақида маълумотнома олиш.
Ариза топшириш
- Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун;
- фуқаролиги бўлмаган шахснинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш учун;
- чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни, шунингдек, хорижда истиқомат қилувчи ватандошларни ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистонга таклиф қилиш учун;
- чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш учун;
- Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансуб эмасликни тасдиқлаш учун;
- чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга виза муддатини узайтириш учун.
Ички ишлар вазирлигига кейинчалик ўз-ўзига хизмат кўрсатиш турларини кенгайтириб бориш топширилди.