2025 йил апрель ойида Ўзбекистонда об-ҳаво баҳор фаслининг барча хусусиятларини намоён этади. Ойнинг бошида ҳаво қуруқ бўлиб, ҳарорат +22…+25 даражадан +27…+30 даражагача кўтарилиши кутилмоқда, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларда эса +33 даражагача етиши мумкин.
Ойнинг иккинчи беш кунлигида ҳаво ҳарорати асосан +22…+27 даражани ташкил этади. 7 апрель куни шимолий ҳудудларда, 8−10 апрель кунлари марказий ва шарқий ҳудудларда баъзи жойларда ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши мумкин.
Ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида кечаси ҳарорат +8…+13 даражадан +2…+7 даражагача, кундузи эса +25…+30 даражадан +10…+15 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.
Метеорологик кузатувлар тарихида энг илиқ апрель 2022 йилда кузатилган бўлиб, ўртача ҳарорат меъёрдан 3−5 даражага юқори бўлган. ХХI асрда энг совуқ апрель эса 2009 йилда қайд этилган.
Апрель ойида ҳаво ҳарорати баҳорга хос равишда беқарор бўлиб, тез исишлар қисқа муддатли, лекин баъзан анча сезиларли совушлар билан алмашиниб туради. Энг илиқ даврларда кундузи ҳарорат +28…+33 даражагача кўтарилиши мумкин, абсолют максимумлар эса +35…+37 даражани, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларда +38…+39 даражани ташкил этади. Совуқ даврларда эса кечаси ҳарорат баъзан 0 даражадан пастга тушиши мумкин.
Апрель ойи йилнинг энг нам ойларидан бири ҳисобланади. Ёмғирлар, одатда, момақалдироқ ва шамол билан бирга кузатилиб, тез-тез ёғиб туради. Шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларда ой давомида ўртача 5−8 кун ёмғирли бўлса, тоғларга яқин ҳудудларда бу кўрсаткич 9−13 кунгача етади.
Шунингдек, баъзи йилларда апрель ойи жуда қуруқ бўлиб, ойлик ёмғир миқдори меъёрнинг 5−30% ни ташкил этган ёки умуман ёмғир кузатилмаган ҳолатлар ҳам бўлган.
2024 йил апрель ойи Ўзбекистоннинг кўп қисмида қуруқ ўтган. Шу билан бирга, мамлакатнинг айрим ҳудудларида кучли ёмғирлар кузатилиб, бир неча соат ичида ойлик меъёрнинг 40−70% ига тенг ёмғир ёққан.