2025 йил 5 март куни тахминан соат 10:15 да Тошкент вилоятидаги «Ангрен» кўмир карьерида БелАЗ самосвали юкни тушираётган пайтда орқага силжиб кетиб, ағдарилиб ёнғин пайдо бўлди. Ёнғинни ўчириш жараёни акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди.
«Ўзбеккўмир» компанияси маълумотларига кўра, ҳодиса жойига тезкор тарзда корхона ёнғин ўчириш гуруҳи етиб бориб, ёнғин бартараф этилган.
Оғир жароҳат олган самосвал ҳайдовчиси А. Ахмеджоновга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, у Ангрен марказий шифохонасига етказилди. Бироқ шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, у вафот этди.
«Ўзбеккўмир» раҳбарияти марҳумнинг оиласига ҳамдардлик билдирди.
Ҳуқуқ-тартибот органлари ҳодиса юзасидан тергов ишларини олиб бормоқда.