Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 13/03/2026

Ангренда 8 ёшли бола ит ҳужуми оқибатида вафот этди

Ўтган ҳафтада Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида 8 ёшли бола дайди ит ҳужумидан сўнг вафот этди, деб хабар берди Milliy TV телеканалининг Millar дастури.

Ҳодиса кучли ёмғир вақтида «Истиқлол» маҳалласидаги бўш майдонда, бола мактабдан қайтаётганда содир бўлган. Унинг оиласи бу ерда ижарада яшайди.

Боланинг ўқитувчиси Zamon телеканалига Имронбекни (марҳумнинг исми) одатда дарслардан акаси олиб кетишини сўзлаб берган. Илгари оила мактаб яқинида яшаган, кейинроқ бошқа жойга кўчиб ўтган ва эндиликда уйга бориш-келиш маълум вақт талаб этади.

«У жуда яхши, фаол ўқувчи эди. Одатда акаси билан юрарди, акасисиз уни қўйиб юбормасдим», — деди ўқитувчи.

Педагогнинг сўзларига кўра, ўша куни ҳам уни акаси олиб кетган. Бироқ маҳалла аҳолисининг айтишича, Имронбек акасидан ажралиб, одатий йўлдан эмас, балки қисқароқ йўлдан кетишга қарор қилган бўлиши мумкин.

«Истиқлол» маҳалласи раиси Ҳилола Саидаҳмадованинг айтишича, ушбу бўш майдондан одамлар кам ўтади. Маҳаллий аҳоли Zamon телеканалига дайди итлар муаммоси бўйича анчадан бери шикоят қилишларини, аммо ҳукумат буни ҳал этмаётганини таъкидлаган.

Ушбу ҳодисадан сўнг маҳаллада аҳолининг шаҳар ҳокими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан учрашуви бўлиб ўтган, бироқ телеканал ижодий гуруҳига тасвирга олишда тўсқинлик қилишга уринилган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги фожиа юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди. Шаҳарда эгасиз ҳайвонларни назорат қилиш, уларни тутиш ва махсус жойларда сақлаш бўйича тадбирлар кучайтирилган, дейилади хабарда.

Маъмуриятнинг қайд этишича, болага ҳужум қилганликда гумонланаётган ит ҳам тутилган. «Келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Вазият алоҳида назоратга олинган, жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш учун барча чоралар кўрилмоқда», — дейилади хабарда.