
Тошкент ва Андижон вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида йирик яширин нарколаборатория фаолиятига чек қўйилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Тадбирда Божхона бошқармаларининг контрабандага қарши курашиш бўлинмалари, Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари иштирок этди.
Дастлаб Тошкент вилоятининг Зангиота туманида бир фуқаронинг ёнидан 2000 сўмлик купюрага ўралган 0,13 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси топилди.
Ушбу шахснинг кўрсатмалари асосида туман ҳудудидан ўтувчи Тошкент ҳалқа автомобиль йўли яқинида жойлашган омборхона кўздан кечирилди. У ердаги 5 та темир ва пластик идишда 900 литр прекурсорлар — синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлашда қўлланиладиган моддалар борлиги аниқланди.
Навбатдаги тезкор ҳаракатлар ходимларни Андижон вилоятига етаклади. Икки нафар 24 ёшли фуқаро шубҳа остига олиниб, улар устидан яширин кузатув ўрнатилди. Кузатув давомида улар турли манзиллардаги яширин жойлардан 100 литр суюқ ва 25 кг кукунсимон прекурсорларни олиб, Андижон шаҳрининг «Боғишамол» маҳалласида жойлашган дала ҳовлига етказишган.
Тезкор тадбир давомида ушбу дала ҳовли холислар иштирокида кўздан кечирилганда, у ерда яширин нарколаборатория ташкил этилгани маълум бўлди.
Дала ҳовлидан 26 кг мефедрон синтетик наркотиги ҳамда номаълум кимёвий суюқлик кўринишидаги беш турдаги 590 литр прекурсорлар топилиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Аниқланишича, юқоридаги икки гумонланувчи ижтимоий тармоқлар орқали алоқага чиққан «Саймон» лақабли молиявий куратор кўмагида 15,8 минг долларга дала ҳовли сотиб олиб, унда нарколаборатория ташкил қилишган.
Кенг кўламли тезкор тадбирлар якунида жами 26 кг мефедрон, шунингдек, синтетик гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқаришда қўлланиладиган қарийб 1,5 тонна прекурсорлар ва кимёвий суюқликлар мусодара қилинди.
Давлат хавфсизлик хизматининг қайд этишича, мусодара қилинган наркотиклар ва хомашёнинг қора бозордаги тахминий қиймати 1 млн долларни ташкил этади. ДХХ маълумотларига кўра, лабораторияни жиҳозлаш учун 5000 доллар сарфланган ва 2026 йил январь ойининг ўзида у ерда 11,7 кг мефедрон тайёрланган.
Қўлга олинган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан буён, яъни бир ярим ой ичида Ўзбекистонда 200 кг дан ортиқ анъанавий ва синтетик наркотиклар, шунингдек, 27 кг психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.