Андижон вилоятида чиқинди ёқиш заводи қурилиши бошланди

Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқарувчи завод қурилиши 2025 йил 7 июль куни бошланди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳанинг қиймати 140 миллион долларни ташкил этади. Заводда кунига 1500 тонна чиқинди қайта ишланиши ва йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 240 миллион кВт·соат бўлиши кутилмоқда.

Завод 2028 йилгача қурилиб битказилади ва 100 та янги иш ўрни яратади. Саноат корхонаси Хитойнинг CAMC Engineering компанияси иштирокида барпо этилмоқда, бу компания билан 2024 йилда меморандум имзоланган эди.

«Бу каби лойиҳалар ҳудудларда экологик вазиятни яхшилаш, электр энергияси ишлаб чиқариш, полигонлар ҳажмини қисқартириш ва атмосферага зарарли моддалар чиқишини чеклаш учун муҳимдир», — дейилади хабарда.

Аввалроқ хабар қилинганидек, Ўзбекистоннинг 6 ҳудудида чиқиндиларни ёқиш орқали энергия ишлаб чиқарадиган электр станциялари қуриш режалаштирилган. Лойиҳаларни Хитойнинг 3 та компанияси Тошкент ва Самарқанд вилоятларида, Қашқадарё ва Фарғона водийсида амалга оширади. Инвестицияларнинг умумий суммаси қарийб 1 миллиард долларни ташкил этади.