
Андижон вилоятининг Балиқчи туманида ЗИЛ-130 юк машинаси тўққиз ёшли болани уриб юборди. Мактаб ўқувчиси шифохонада вафот этди, деб хабар берди вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати.
Йўл-транспорт ҳодисаси 2026 йил 24 февраль куни соат тахминан 16:00 да Фарғона халқа автомобиль йўлида (D-105 йўлининг 103-километрида) юз берган. Юк машинаси рулида 24 ёшли ҳайдовчи бўлган.
Хабарда айтилишича, бола «тўсатдан пиёдалар ўтиш жойига югуриб чиққан», ҳайдовчи эса уни уриб юбориб, «бошқарувни йўқотган» (ЙҲХХ бўлинмаларининг бундай хабарлари учун стандарт ибора).
Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган видеода бола йўлнинг қарама-қарши йўналишидаги автомобиллар учун светофорнинг яшил чироғи ўчиб-ёниб, сариқ (тақиқловчи) чироқ ёнаётган вақтда йўлни кесиб ўтишни бошлаганини кўриш мумкин. Cobalt ҳайдовчиси сариқ чироқ ёнишидан олдин тўхтайди, бироқ юк машинаси ҳаракатни давом эттиради. Бошқа йўналиш учун светофорнинг қайси сигнали ёниқ бўлгани номаълум.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлимига сабаб бўлиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
2025 йилнинг ёзида Ўзбекистон ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи Шерзод Ибрагимов болалар ўлими билан боғлиқ ЙТҲлар энг оғриқли масала эканини тан олган эди. «Ҳар бир шундай ЙТҲ ҳақида эшитганимизда ўзимизга жой тополмай қоламиз», — деган эди у журналистларга. Шу билан бирга, у статистикани очиқламаган ва бу «керак бўлганда» амалга оширилишини билдирган эди.