Ўзбекистонда ўхшаши бўлмаган товарларга олиб кириш лимитларини жорий этиш унчалик мантиқий эмас — «Юксалиш» етакчиси

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Давра» подкастида 2025 йил 1 майдан кучга кирган жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун божсиз олиб киришнинг янги нормаларига изоҳ берди.

Эслатиб ўтамиз, божсиз олиб кириш лимитлари мамлакатга самолёт орқали киришда — 1000 доллар, темир йўл ва дарё транспорти орқали — 500 доллар, автомобиль ва пиёда ўтиш пунктлари орқали — 300 долларни ташкил этди. Бундан ташқари, жисмоний шахс номига халқаро курьерлик жўнатмалари орқали келадиган товарлар учун норма ойига 200 долларгача қисқартирилди.

«Юксалиш» етакчисининг фикрича, Ўзбекистонда ўхшаши бўлмаган товарларга лимитлар белгилаш унчалик мантиқий эмас.

«Бугун одамлар техник қурилмаларни олиб киришмоқда, ушбу техник қурилмаларни олиб кириш учун солиқ тўлашмоқда, тадбиркорлар ҳам барча солиқларни тўлашмоқда. Ўзбекистонда ўхшаши бўлмаган товарларга бундай лимитни белгилаш унчалик мантиқий эмас», — деди.

Ҳаракат раҳбари бу нафақат унинг шахсий фикри, балки «Юксалиш» аъзоларининг ҳам фикри эканини таъкидлади.

«Бизнинг вазифамиз — жамоатчилик ва одамларнинг таклифларини қарор қабул қилувчи шахсларга етказиш. Сиз ислоҳотларнинг жадаллигини тилга олдингиз. Одамлар пул топмоқда, одамлар бир нечта iPhone ёки бошқа техника сотиб олишга қодир бўлмоқда, турмуш даражаси ошмоқда ва бу табиий. Агар бугун 100 минг киши iPhone дан фойдаланса, эртага улар 500 минг бўлади. Мантиқий савол туғилади — биз 500 минг кишига чеклов қўямизми? Шунинг учун бу таклифларни илгари суриш ва уларни қарор қабул қилувчи шахсларга етказиш бизнинг асосий вазифаларимиздан бири», — дея қайд этди Бекмуродов.

Аввалроқ «Юксалиш» ҳаракати бу нормалар амалиётда нафақат фуқароларнинг молиявий юкини ошириши, балки бозор рақобатига ҳам салбий таъсир кўрсатишини билдирган эди.

Бобур Бекмуродов, шунингдек, божхона йиғимлари монополия хавфини кучайтиришини, чунки фуқаролар Ўзбекистонда расмий дистрибюторлари бўлмаган товарларни чет элдан олиб киришга мажбур бўлишаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бундай йиғимлар, лимитлар ва ставкалар фақат қонун даражасида белгиланиши керак, ҳукуматнинг вазифаси эса тартибни белгилаш.