
Давлат комиссияси Самарқанд автомобил заводи (SamAuto) устав капиталидаги 75,2% давлат улушини Туркиянинг Anadolu Isuzu компаниясига сотишни маъқуллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Битим нафақат улушни сотиб олиш учун 80 млн долларни, балки худди шунча миқдордаги инвестиция мажбуриятини ҳам ўз ичига олади.
Келишув 2024 йил июнь ойида Ўзбекистон Президентининг Туркияга ташрифи чоғида имзоланган эди. Музокараларда молиявий маслаҳатчи сифатида халқаро KPMG компанияси, юридик маслаҳатчи сифатида эса Dentons компанияси иштирок этди.
SamAutoнинг қолган таъсисчилари Япониянинг Itochu ва Isuzu Motors компаниялари (ҳар бири 12,4%) бўлиб, улар Ўзбекистон улушининг Туркия томонига сотилишига розилик берди.
Шартларга кўра, Anadolu Isuzu Ўзбекистонда катта сиғимли (12-18 м) автобуслар ва электробуслар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, сервис марказлари тармоғини яратиш ва маҳсулотларни Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Яқин Шарқ ва Африкага экспорт қилишни ривожлантириш учун 80 млн доллар сармоя киритади.
Anadolu Isuzu компанияси Anadolu Group холдингига киради, у 2021 йилда Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan давлат пакетининг 57,1%ни 252,2 миллион долларга сотиб олган ва ўшандан бери заводларни қуриш ва модернизация қилиш учун 250 миллион доллар сармоя киритган.
ДАБА маълумотларига кўра, нарх таклифи KPMG томонидан белгиланган диапазонга мувофиқлаштирилган ва мустақил халқаро баҳоловчи PwC баҳосига мос келади.
Битимни якунлаш Туркиянинг тартибга солувчи органларидан рухсат олишни талаб қилади.
Автобус ва юк машиналари ишлаб чиқарувчи Самарқанд автозаводи 1996 йилда Туркиянинг Koç Holding билан биргаликда «АвтоВАЗагрегат» заводи негизида ташкил этилган. Дастлаб завод «СамКочАвто» деб номланган, бу ерда UzOtoyol бренди остидаги машиналар ишлаб чиқарилган. Бугунги кунда корхона Isuzu шассиси асосидаги юк машиналари, автобуслар, шунингдек, Isuzu D-Max пикапларини ишлаб чиқаради.