
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ маҳкумларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.
Сюжетда таъкидланишича, афв этиш ҳаракати содир этилган жиноят фактини бекор қилмайди, балки «айбини англаган, қилмишига пушаймон бўлган ва тузалишга интилишини исботлаган шахслар учун имкониятдир».
Ҳужжат билан 523 нафар маҳкум афв этилди. Афв этилганларнинг умумий сонидан:
- 195 киши жазодан тўлиқ озод қилинади;
- 147 нафари — муддатидан олдин шартли равишда озод этилади;
- 87 нафарининг жазоси енгилроқ жазога алмаштирилади;
- 94 нафарининг озодликдан маҳрум этиш муддати қисқартирилади.
Афв этилганлар орасида:
- 45 нафар аёл;
- 60 ёшдан ошган 31 киши;
- бир нафар вояга етмаган, 30 ёшгача бўлган 220 киши;
- 8 нафар хорижий фуқаро, жумладан, Тожикистоннинг 6 нафар ва Сьерра-Леоненинг 1 нафар фуқароси;
- илгари тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган 15 киши бор.
Фармон ижроси юзасидан прокуратура органлари ва тегишли идоралар томонидан озод этилганларни яшаш жойларига етказиш, шунингдек, хорижий фуқароларни белгиланган тартибда ўз мамлакатларига депортация қилиш ташкил этилди.
Барча озод этилганлар профилактик ва пробация ҳисобига олинади. Уларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади, зарурат бўлса, чуқурлаштирилган тиббий кўрик ва даволаш, ишга жойлашиш, кредит ва субсидиялар олиш, шунингдек, фуқаролик ҳужжатлари ва нафақаларни расмийлаштиришда кўмаклашилади.