Ўзбекистонда қиймати 90 млн доллар бўлган алюминий банкалар ишлаб чиқарувчи биринчи завод ишга туширилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги «Янги авлод» махсус саноат зонасида жойлашган, Ўзбекистонда биринчи бўлиб алюминий банкалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган «East Can Solutions» корхонаси фаолияти билан танишди.

Давлат раҳбари маҳсулот намуналари ва лойиҳа истиқболлари билан танишгач, унинг расмий стартига рухсат берилди.

Корхона 21 гектар майдонни эгаллайди, лойиҳанинг умумий қиймати 90 млн долларни ташкил этади: 52 млн доллар — ўз маблағлари, 38 млн доллар — Халқаро молия корпорацияси ва бошқа банклар кредитлари.

Мажмуа АҚШ, Буюк Британия ва Италиядан келтирилган ускуналар билан жиҳозланган ва Марказий Осиёда бундай йўналишдаги кам сонли корхоналардан бири ҳисобланади, дейилади хабарда.

Ишлаб чиқариш қувватларини босқичма-босқич ошириш режалаштирилган:

  • биринчи босқичда — йилига 1,1 млрд дона алюминий идиш,
  • иккинчи босқичда — 2,2 миллиард дона.

Вертикал интеграция доирасида салқин ичимликларни банкаларга қуйишни ҳам йўлга қўйиш режалаштирилган (биринчи босқичда — 500 млн дона, иккинчисида — 1 млрд дона).

Корхона лойиҳа 0,25 л ва 0,45 л ҳажмдаги қадоқлаш маҳсулотлари билан ички бозорни тўлиқ таъминлаш ва минтақа давлатларига экспорт қилиш имконини беришини кутмоқда.«East Can Solutions» вакилларининг маълум қилишича, лойиҳани амалга ошириш 60 млн долларлик импорт ўрнини босиш ва 100 млн долларлик экспорт салоҳиятини таъминлаш имконини беради.

Стратегияга кўра, 2026 йилда 150 млн долларлик, шу жумладан 50 млн долларлик экспорт, 2027 йилда — 300 млн долларлик (100 млн доллар), 2028 йилда — 600 млн долларлик (200 млн доллар), 2030 йилда — 1 млрд долларлик (500 млн доллар) маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.

«East Can Solutions» 2023 йил 4 апрелда рўйхатдан ўтган. Ягона таъсисчи сифатида Ajasi Holdings кўрсатилган.

Лойиҳа ҳақида «Ўзбекистон 24» телеканалига тадбиркор Шуҳрат Эргашев интервью берган, у корхонанинг таъсисчиси сифатида кўрсатилган. У, шунингдек, салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчи International Beverages Tashkent (IBT, Pepsi, 7UP, Mirinda, Mountain Dew, Adrenaline Rush ва Lipton маҳсулотларини чиқаради), шунингдек, Baraka Market супермаркетлар тармоғига эгалик қилувчи Holten Group компаниясининг асосчиси ҳисобланади. Бу корхона Ўзбекистон бозорига Burger King тез овқатланиш ресторанлари тармоғини олиб кирмоқда.

Телеканал сюжетида Pepsi банкалари акс этган кадрлар намойиш этилди.

«East Can Solutions» ўзларининг нафақат International Beverages Tashkent учун, балки бошқа салқин ва энергетик ичимликлар ишлаб чиқарувчилар учун ҳам маҳсулот етказиб берадиган мустақил корхона эканлигини билдирди.

Илгари International Beverages Tashkent алюминий банкаларни Хитой, Россия ва Қозоғистондан импорт қилган. Энди «East Can Solutions» қадоқлаш маҳсулотларини Ўзбекистонда Хитойдан келтирилган алюминий рулонлари ҳисобига ишлаб чиқаради.

«Биз алюминий банкалар ишлаб чиқарамиз, шунингдек, келгуси йилда бутун мажмуа ҳудудида қуйиш линиясини ишга тушириш режалаштирилган. Натижада бу мижозлар учун катта қулайликлар яратади, чунки улар банкаларни шу ердан сотиб олиб, дарҳоҳол қуйиш ишларини бажаришлари мумкин. Банкалар логистикасига харажатлар бўлмайди, режалаштириш осон бўлади», — дея қайд этишди компанияда.

Маҳсулот нархлари буюртма ҳажмига қараб фарқланади. Бундан ташқари, нарх дизайнга ҳам боғлиқ: буюртмачиларнинг бир қисми тайёр босмали банкаларни танлайди, бошқалари эса дизайнисиз буюртма беришни афзал кўриб, ўз ёрлиқларини мустақил равишда ёпиштиришади.

«East Can Solutions» маҳаллий ишлаб чиқариш ҳам нарх, ҳам логистика ва етказиб беришни режалаштириш нуқтаи назаридан янада қулай шарт-шароитларни таклиф этиш имконини беришига ишонтирди. Бундан ташқари, ўзаро ҳисоб-китоблар миллий валютада амалга оширилиши мумкин.

Шунга ўхшаш маҳсулотларни импорт қилишда ташиш харажатларидан ташқари, божхона расмийлаштируви харажатларини ҳам ҳисобга олиш керак.

Аввалроқ Қозоғистондаги Qazalpack 2021 йилда ишга туширилган Марказий Осиё ҳудудидаги ичимликлар учун алюминий банкалар ишлаб чиқарувчи биринчи ва ягона завод эди. «East Can Solutions»нинг таъкидлашича, уларнинг нафақат банкалар ишлаб чиқаришни, балки қуйишни ҳам ўз ичига олган мажмуаси минтақа учун ноёб бўлади.

IBT Ўзбекистондаги хусусий компаниялар орасидаги топ-10 та солиқ тўловчилар қаторига киради. 2024 йилда у 342,8 млрд сўм солиқ тўлаб, 9-ўринни эгаллаган. Ўтган йилнинг 11 ойидаги айланмаси 3,24 трлн сўмни ташкил этган. Таққослаш учун: Coca Cola ишлаб чиқарувчиси 634,2 млрд сўм солиқ тўлаган, айланмаси эса кўрсатилган даврда 6,15 трлн сўмга етган.

Эслатиб ўтамиз, Навоий вилоятида Россиянинг «Арнест Упаковочные Решения» (АУР) компанияси иштирокида 100 млн долларлик ичимликлар учун алюминий банкалар ишлаб чиқарувчи завод қурилиши режалаштирилган эди. Корхона 2025 йил кузида иш бошлаши кутилган эди, бироқ бундан кейин хабарлар берилмади.