
Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «Allmedia Safe Service» МЧЖ (Allplay бренди эгаси)ни онлайн-трансляциялар ва видеоконтент (жумладан, телевидение ва кино) ҳамда аудиоконтент алмашинуви бозорида доминант мавқени эгаллаган рақамли платформа оператори сифатида тан олди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Шу муносабат билан қўмита компания фаолиятига мажбурий монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этади. Шунингдек, монополияга қарши қонунчиликка мувофиқ, доминант мавқени суиистеъмол қилишнинг олдини олиш мақсадида доимий мониторинг олиб бориш кўзда тутилган.
2024 йил 1 августдан кучга кирган Рақамли платформа операторининг доминант мавқеи ва музокараларда устунлик кучини тан олиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, оператор қуйидаги шартлардан бири бажарилганда ва тўғри ёки билвосита тармоқ эффектлари мавжуд бўлганда шундай деб тан олинади:
- агар охирги календарь йилдаги тушум миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 минг бараваридан ортиқ бўлса (41,2 млрд сўм);
- агар рақамли платформанинг фаол якуний фойдаланувчиларининг умумий ўртача сони ойига 50 мингдан кам бўлмаса ёки фаол бизнес-фойдаланувчиларнинг ўртача сони ойига 3000 дан кам бўлмаса.
Бундан ташқари, ушбу мақом фойдаланувчилар сонидан қатъи назар, муайян бозорда 40% дан ортиқ улушга эга бўлган платформаларга берилади. Мақом қўмита томонидан ҳар 3 йилда бир марта қайта кўриб чиқилади. Компаниялар рўйхати қўмита сайтида эълон қилинади.
Бундай мақомга эга бўлган рақамли платформалар нархлар ёки платформадан фойдаланиш шартлари ўзгарганда бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида ва ўз веб-сайтларида камида 15 кун олдин хабар бериши шарт.