Алишер Усмонов Олий суд раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди

Ўзбекистон Олий суди раҳбариятида кадрлар ўзгариши юз берди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.

Парламент юқори палатасининг қарорига асосан Алишер Атаханович Усмонов 5 йил муддатга Ўзбекистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари — суд ҳайъати раиси лавозимига сайланди. Қарор 2025 йил 5 сентябрь куни Сенатнинг 10-ялпи мажлисида қабул қилинган.

Алишер Усмонов (1964 йилда туғилган) 2022 йил охиридан буён Наманган вилоят суди раиси лавозимида ишлаб келган. Бунгача 4 йил давомида президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари бўлган.

Илгари у Косонсой туман суди раиси, Мингбулоқ тумани прокурори, Наманган вилояти Халқ қабулхонаси мудири лавозимларида ҳам ишлаган.

Шу билан бирга, Икром Муслимов Олий суд раисининг биринчи ўринбосари — жиноят ишлари бўйича суд ҳайъати раиси лавозимидан озод этилди (аввал у 2024 йил сентябрда маъмурий ишлар бўйича суд ҳайъатига, кейинчалик жиноят ишлари бўйича ҳайъатга раҳбарлик қилган).

Бундан ташқари, Нодира Ҳакимова ҳам Олий суд судьяси лавозимидан озод этилди. Июль ойида у президент Администрацияси раҳбари (Саида Мирзиёева)нинг суд тизимидаги ислоҳотлар бўйича ўринбосари лавозимига кўтарилган эди.

Қонунчиликка кўра, Олий суд раиси, Олий суд раисининг биринчи ўринбосари, Олий суд раиси ўринбосари — суд ҳайъати раиси лавозимига президент тақдимотига биноан Сенат томонидан сайланади.