
Алишер Шукруллаевич Бобоев соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати. Тегишли қарорни Ўзбекистон президенти имзолади.
Алишер Бобоев 1996 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаган, сўнгра шу олийгоҳнинг клиник ординатурасида таҳсил олган. Касбий фаолиятини 1998 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтида катта лаборант лавозимида бошлаган.
У турли йилларда Тошкент фармацевтика институтида катта лаборант, пойтахтнинг Олмазор туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиникасида, Республика 1-сонли клиник шифохонасининг маслаҳат-диагностика поликлиникаси ва урология бўлимида уролог, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги котибиятининг бош мутахассиси лавозимларида ишлаган.
Янги тайинловга қадар Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи бўлган.
2024 йил январь ойида соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Шодмонов узоқ муддатли даволаниш муносабати билан таътилга чиққан эди. Унинг вазифалари вақтинчалик Президент Администрацияси Ижтимоий ривожлантириш департаментининг соғлиқни сақлашни ривожлантириш бўлими мудири Даврон Султонов зиммасига юклатилган эди.