Самарқанд вилояти электр тармоқлари Aksa Enerji компаниясига берилади. Компания 1 млрд доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда

Самарқанд вилоятининг электр тармоқлари Туркиянинг Aksa Enerji компанияси бошқарувига берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

2025 йил 18 ноябрь куни давлат-хусусий шериклик (ДХШ) масалаларига бағишланган учинчи давра суҳбати доирасида Aksa Enerji компаниясига унинг халқаро тендердаги ғолиблигини тасдиқловчи ҳужжат топширилди.

Лойиҳа Самарқанд вилоятининг тақсимловчи электр тармоқларини модернизация қилиш ва уларни концессия доирасида бошқарувга беришни (қанча муддатга экани хабар қилинмаган) назарда тутади.

Ғолиблик сертификатини «Ҳудудий электр тармоқлари» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Алвар Ғайбуллаев топширди.

Aksa Energy 1960 йилда ташкил этилган Kazanci Holding таркибига киради. Холдинг нафақат энергетика, балки қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида ҳам лойиҳаларни ривожлантирмоқда. Компания Туркия, Гана, Мадагаскар, Мали ва Конго каби қатор мамлакатларда ҳам электр станцияларини қурмоқда.

Туркия компанияси 2022 йил январь ойида Бухоро вилоятида 270 МВт қувватга эга иссиқлик электр станциясини, ўша йилнинг 14 январида эса Тошкент вилоятида 240 МВт қувватга эга ИЭСни ишга туширган эди.

2023 йил ноябрь ойида компания Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятида 400 МВт қувватга эга газ поршенли электр станцияси қурилишига 250 млн доллар сармоя киритишини маълум қилган эди.

Тафсилотлар

Президентнинг 2025 йил 30 августдаги 2024—2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида Самарқанд вилоятидаги электр тармоқларини модернизация қилиш ва хусусий операторга бериш бўйича тендер ғолибини 2025 йил декабрь ойида эълон қилиш режалаштирилгани қайд этилган.

Бошланғич лойиҳа қиймати 250 млн долларга баҳоланган эди. Энергетика вазирлигининг 28 октябрдаги маълумотларига кўра, хорижий ҳамкор маблағларини 2030 йилгача 357 млн доллар миқдорида ўзлаштириш назарда тутилган.

Лойиҳа Самарқанд вилоятида паст кучланишли тақсимлаш тармоғи инфратузилмасини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш, бошқариш, техник хизмат кўрсатиш ва тақсимлашни ўз ичига олади.

«Ҳудудий электр тармоқлари» матбуот хизмати таҳририятга аниқлик киритишича, Aksa Enerji тармоқларни 30 йилгача бошқаради ва шартлар бажарилишига қараб муддат узайтирилиши мумкин. «Агар лойиҳа Самарқандда самарали бўлса, босқичма-босқич барча ҳудудлардаги электр тармоқлари хусусий бошқарувга ўтказилади», — дейишди компанияда.

Туркия ОАВларининг маълумотларига кўра, компания лицензия муддати давомида энергия тақсимлаш инфратузилмасига 1 миллиард доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. Режалаштирилган сармоялар энергия йўқотишларини камайтириш, электр таъминотидаги узилишларни минималлаштириш ва карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтиришга ҳам ёрдам бериши керак.

«Йиллик истеъмоли қарийб 5,5 миллиард кВт⋅соат энергия ва аҳолиси 4,3 миллион киши бўлган Самарқанд вилояти саноат, таълим ва туризм нуқтаи назаридан энг стратегик минтақалардан бири. Тажриба ва операцион мослашувчанликка эга бўлган ҳолда, биз 30 йиллик инвестиция даврида узлуксиз энергия таъминоти, замонавий инфратузилма ва экологик барқарорликка қаратилган намунали модел яратишни мақсад қилганмиз», — деди Kazancı Holding ва Aksa Elektrik директорлар кенгаши раиси Жемил Казанжи.

Aksa Enerji’дан ташқари, лойиҳага Actis (Буюк Британия), China Southern Power Grid (Хитой), TATA Power (Ҳиндистон), Çalık Enerji (Туркия), State Grid Corporation of China (Хитой), CESC Limited (Ҳиндистон), Sojits (Япония), EDF (Франция) ва The Kansai Electric Power (Япония) консорциуми, Aydem Yenilenebilir Enerji (Туркия) ҳам қизиқиш билдирган.

Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги маълумотларига кўра, финал босқичига учта даъвогар — AKSA Elektrik Perakende Satış A.Ş., Cengiz Enerji Sanayii ve Ticaret A.Ş. компаниялари, шунингдек, EDF Power Solutions International SAS ва «The Kansai Electric Power Co., Inc.» компаниялари консорциуми ўтган эди.

Тармоқлар ҳақида

Минтақадаги электр тармоқларининг узунлиги 30,82 минг км бўлиб, шундан 16,7 минг км (54%) эскирган. 144 та подстанция (35−110 кВ) ва 13 172 та трансформатор пункти (10−6/0,4 кВ) фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 4512 таси (45%) эскирган. 128 та (54%) куч трансформаторлари янгиланишга муҳтож.

Ўзбекистон бўйича электр энергияси йўқотишлари ҳажми 9,3%, ёки 9,3 млрд кВт⋅соатга баҳоланган.

ДХШ асосидаги реконструкция ва модернизация натижасида электр тармоқлари, трансформатор пунктлари ва подстанцияларни янгилаш, шунингдек, давлат харажатларини қисқартириш режалаштирилган.

Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори Шерзод Ходжаев 2024 йилнинг июль ойида ҳар бир минтақадаги тақсимлаш тармоқлари муайян муддатга инвесторга концессия асосида берилишини маълум қилган эди.

«Инвестор тармоқларни ишлатади, таъмирлайди, янги тармоқлар қуради. Бунинг эвазига у тармоғидан ўтадиган ҳар бир кВт⋅соат электр энергияси учун муайян миқдорда пул олади. Якуний истеъмолчи нимани ҳис қилади? Биринчидан, сиз мобил илова орқали ҳозирги тўлаётган суммани тўлашда давом этасиз. Шунчаки бу сумманинг бир қисми электр тармоқларини ишлатаётган инвесторга ўтади», — деб тушунтирганди.

2024 йил бошида Энергетика вазирлиги икки йил ичида энерготизимнинг барқарор ва узлуксиз ишлашига эришиш ниятида эканлигини маълум қилган эди. Бунинг учун генеризация қувватларини кескин ошириш, рақамлаштиришни якунлаш, тақсимлаш тармоқларини бошқаришга хусусий операторларни жалб қилиш ва ҳоказолар режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, ДХШ дастурига кўра, 2027 йил 1 июлгача барча ҳудудлардаги тақсимлаш электр тармоқларини хусусий операторларга ўтказиш бўйича шартномалар имзоланиши кўзда тутилган.