
Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент шаҳар суди раисининг собиқ ўринбосари Муроджон Мирзажонов, шунингдек, жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг собиқ судьялари Одилбек Илҳомжонов, Мирзиёд Абидов ва Муҳтарама Турғуновага нисбатан жиноят иши қўзғатди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Иш материалларига кўра, 2025 йил октябрь ойида жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди Акмал Шукуровни жуда кўп миқдордаги фирибгарлик, безорилик ва қасддан баданга оғир шикаст етказишда (Борис Авакянни калтаклаш ва бошқа лавҳалар) айбдор деб топган эди. Биринчи инстанция суди унга 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Шундан сўнг маҳкум апелляция шикояти берган. Илҳомжонов, Абидов ва Турғуновадан иборат апелляция инстанцияси ҳукмни ўзгартириб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда жазони 3 йил озодликдан маҳрум қилишга алмаштирган.
Бош прокуратуранинг таъкидлашича, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари Муроджон Мирзажонов хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, ишнинг кўрилишига аралашган ва судьяларга ноқонуний равишда таъсир ўтказган.
«Натижада судьялар О. Илҳомжонов, М. Абидов ва М. Турғунова унинг кўрсатмалари ноқонуний эканини олдиндан билган ҳолда, одил судловни амалга ошириш ва қарорлар қабул қилишда мустақил бўлиш мажбуриятига қарамай, жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилига риоя қилмасдан, биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгартирганлар», дейилади хабарда.
Шукуровга жазо енгиллаштирилиб, у суд залидан озод қилинган. Идоранинг қайд этишича, бундай ҳаракатлар оғир оқибатларга олиб келадиган ноқонуний ва адолатсиз суд қарори чиқарилишига сабаб бўлган.
Жиноят иши доирасида Муроджон Мирзажонов, шунингдек, Илҳомжонов, Абидов ва Турғунова айбланувчи тариқасида жалб қилинган. Улар қамоққа олинган. Терговни Бош прокуратура олиб бормоқда.
Идора маълумотларига кўра, Мирзажоновга Жиноят кодексининг 231-моддаси 2-қисми (одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлган адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш) ва 236-моддаси 2-қисми (мансабдор шахс томонидан тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) билан, собиқ судьяларга эса Жиноят кодексининг 231-моддаси 2-қисми билан айблов эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил декабрь ойида Тошкент шаҳар прокуратураси назорат тартибида протест келтирган эди. 18 декабрь куни Тошкент шаҳар судининг назорат ҳайъати апелляция қарорини бекор қилиб, жазоларни қисман қўшиш ҳисобига Шукуровга қайтадан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шу билан бирга, у зарарни тўлиқ қоплагани сабабли фирибгарлик моддаси енгиллаштирилди ва шу ҳисобига муддат қисқартирилди.
Ҳибсда сақланган вақтини ҳисобга олган ҳолда, ўташ учун 5 йил 3 ой 12 кун муддат қолган.

