
Самарқанд шаҳар жиноят ишлари бўйича суди ўз укасини ўлдириб қўйган икки эркакка нисбатан ҳукм чиқарди, дея хабар берди Sevimli каналининг Zamon дастури.
Репортажда айтилишича, 29 ёшли эркак интернетдаги қимор ўйинларига берилиб кетган. У билан битта ҳовлида яшайдиган акалари қариндоши кредит олгани ва уни тўламасдан юрганини билиб қолишган.
«Улар укаси билан гаплашишга қарор қилишиб, уни суҳбатга таклиф қилишади. Қимор ўйнашда давом этаётгани ва ўзини нолойиқ тутаётганидан норози бўлган акалар уни «ақлини киргизишга» қарор қилишган», — дейилади репортажда.
Эркаклар укасини дарахтга боғлаб, электр симлари билан уришган. Жабрланувчи кўплаб тан жароҳатлари олган ва улардан вафот этган.
Жиноят 2025 йил 20 июль куни Самарқандда содир этилган. Марҳумнинг рафиқасининг сўзларига кўра, унинг номида кредит бўлган, аммо эркак уни ўзи тўлаган ва 7 млн сўм атрофида пул киритиб, деярли тўлиқ қоплаган. Рафиқаси улар бир 1 йилу 8 ой бирга яшаганини айтган. Эри пайвандчи бўлиб ишлаган.
«Битта фарзандимиз — қизимиз бор. Эрим, гарчи қимор ўйнаган бўлса ҳам, ҳеч кимга ёмонлик қилмаган. Акалари билан муносабати яхши эди, нега улар бундай шафқатсизликка боришганини ҳали ҳам тушуна олмаяпман», — деди марҳумнинг рафиқаси.
Акалардан бирининг таъкидлашича, марҳум бир неча кишидан қарз бўлган, уйдаги кўп нарсаларни, ҳатто онасига тегишли бўлган олтин тақинчоқларни ҳам сотиб, пулни интернетдаги қимор ўйинларига сарфлаган, дея хабар беради Kun.uz.
«Менинг ўртанча ўғлимнинг иши яхши эди, аммо 3-4 йил давомида у онлайн қимор ўйинларига ўрганиб қолди. Мен уни бир неча бор ўйнамасликка огоҳлантирганман, лекин у мени тингламади ва топганини ўйинларга тикишда давом этди. У ҳеч қачон уйга пул олиб келмасди. Акалари уни қарзга ботишини айтиб ўйнамасликка ундашса ҳам, у улар билан тортишарди. Унинг қарзи ошиб борди, одамлар ўз пулларини қайтариб беришни сўраб уйига келишда давом этди, шунинг учун акалари қарзларни тўлашни бошлашди. Ўртанча ўғлим одамлардан ва банкдан қарз олишда давом этди», — деди марҳумнинг отаси.
Ака-укаларнинг ота-онаси воқеа пайтида Россияда бўлишган. Судда улар ҳам жабрланувчи, ҳам даъвогар сифатида иштирок этдилар.
Ака-укалардан бири Жиноят кодексининг 138-моддаси 2-қисми «а» банди (Куч ишлатиб қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилиш) ва 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айбдор деб топилди. У 8,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Калтаклашда иштирок этган бошқа ука 6,5 йилга ҳукм қилинди.