Навоий вилоятида ажрашиш учун ариза берган аёлини эри машинада уриб юборди

Навоий вилояти Қизилтепа туманида эр ажрашиш учун ариза берган хотинини Damas русумли машинада уриб юборди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги зўравонликка қарши лойиҳа бўлган Nemolchi.uz Навоий вилоят фуқаролик ишлари бўйича судининг ҳукмига таяниб хабар берди.

Замира узоқ йиллар давомида эри Шаҳриёр томонидан калтаклаш ва масхара қилишларга чидаб келган ва охир-оқибат турмуш ўртоғидан ажрашишга қарор қилган.

2025 йил 12 август куни Навоий вилоят фуқаролик ишлари бўйича суди ажрашиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқди. Эр-хотинга 3 ой муддат фикрлаш учун берилган, эркак вояга етмаган 4 фарзандининг таъминоти учун алимент тўлашга мажбурланган.

13 август куни Шаҳриёр Замирага қўнғироқ қилиб, алиментдан воз кечишни талаб қилган. Nemolchi.uz маълумотларига кўра, эр акс ҳолда «ундан яхшилик кутмасликни» айтган.

«14 август куни Замира уйдан чиқиб, йўл четида кетаётганда Шаҳриёр Damas русумли машинада уни уриб юборган. Аёл оғир тан жароҳати олган: умуртқа поғонаси синган, нерв толалари шикастланган ва танасининг пастки қисми фалаж бўлган. Замира шифохонада ётибди, яқинлари унинг соғлиғи учун курашмоқда ва катта қарз олиб, даволаниш учун жуда кўп пул сарфлашган. Замирани Тошкентда операция қилиш керак, аммо ҳозирча қариндошларида бунга пул йўқ», — дейилади медиа-ресурс хабарида.

Қариндошлар Nemolchi.uz таҳририятига ҳодисага сабабчи бўлган шахс ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаётганини билдирган. Ҳодисадан сўнг эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Замиранинг яқинларининг айтишича, тергов бу ҳодисани атайлаб уриб юбориш сифатида кўриб чиқишни истамаган ва фақатгина уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутувчи «юмшоқроқ модда» билан чекланган.

Эркак тергов вақтида қамоқда сақланмаяпти ва Замирага «яхшилик бўлмаслиги» ҳақидаги ишоралар билан ёзишда давом этмоқда.

«Бу иш Ўзбекистонда аёлларни ҳимоя қилиш тизимига кўплаб саволлар туғдиради. Нима учун оилавий зўравонликдан қочишга уринаётган аёллар ўз ҳаётларини хавф остига қўйишга мажбур бўлмоқда? Нима учун Шаҳриёр каби эркаклар ўз фарзандларига алимент тўламаслик учун ўлдиришга тайёр бўлиб, бу қадар жавобгарсизлик ва жазосиз қолиш ҳиссини туймоқда? Нима учун бир кун фарқ билан содир бўлган воқеалар хронологияси ва аниқ сабаб бўлишига қарамай, тергов бу воқеани тасодифга тенглаштириб, хотинини ўлдиришга уриниш деб ҳисобламаяпти? Нима учун у ва яқинлари қўрқув остида ва ёрдамсиз яшашга мажбур?» — дея хулоса қилди Nemolchi.uz таҳририяти.