Ўзбекистонда жамоат ва махсус транспорт воситалари (тез ёрдам, ёнғин ўчирувчи хизмат ва бошқалар) учун мўлжалланган йўлаклар бўйлаб ҳаракатланганлик учун жавобгарлик белгиланди. Бу президент томонидан 2025 йил 10 апрель куни имзоланган қонунда назарда тутилган, деб хабар берди Адлия вазирлиги. Ҳужжат 2025 йил 11 апрелдан кучга кирди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 128−7-модда билан тўлдирилди — жамоат транспорти йўлакларида ҳаракатланиш учун ҳайдовчиларга 1 баравар базавий ҳисоблаш миқдорида (375 минг сўм) жарима белгиланди. Йил давомида қоидани такроран бузиш 3 БҲМ (1,125 млн сўм) миқдоридаги жаримага сабаб бўлади.
Аввалроқ мазкур ҳуқуқбузарлик учун каттароқ жарималар таклиф этилган, бироқ қонун 2025 йил январь ойида қабул қилинганида депутатлар санкция миқдорини камайтиришга қарор қилган эди.
Ажратилган йўлаклардан фақат оператив ва махсус хизмат машиналари ҳаракатланишига рухсат берилган. Шунингдек, яқин ҳудудга кираётганда ёки чиқиб кетаётганда, узлуксиз чизиққача ёки энг яқин узлуксиз чизиқ бўлган нуқтагача 50 метр масофада ажратилган йўлакка чиқиш мумкин.
Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, ажратилган йўлакка фақат узлукли чизиқ бўлган жойларда бурилиш, йўловчи чиқариш ва тушириш учун чиқишга рухсат этилади, агар бу жамоат транспорти ҳаракатига тўсқинлик қилмаса. Ҳозиргача ушбу қоида бузилган ҳолатларда жарима белгиланмаган эди.
Қонунда ҳайдовчилар жаримага тортиладиган ҳудудлар рўйхати ҳам кенгайтирилди.
Маъмурий кодекснинг 128-моддаси — пиёда йўлакларида ҳайдаш ва йўл белгилари ҳамда ЙҲҚ талабларига риоя этмаслик — эндиликда «тротуар, пиёда ва велосипед йўлаклари, яшил майдонлар»да ҳайдашни ҳам ўз ичига олади. Бундай ҳолат учун 1 БҲМ (375 минг сўм) миқдорида жарима белгиланди.
Сенатда таъкидланишича, сўнгги 2 йилда Тошкентда автобуслар сони икки баробар ошиб, 1959 тани ташкил этган. Ажратилган йўлаклар ҳисобига автобуслар ҳаракатининг ўртача интервали 16 дақиқага тушган, ҳар куни ташилаётган йўловчилар сони эса 1 миллион нафарга етган.
Бироқ айрим ҳайдовчилар таъқиқларга эътибор бермасдан автобус йўлакларига чиқишда ва уларда тўхташда давом этмоқда, бу эса жамоат транспорти самарадорлигини камайтиради. Янги қонун ушбу соҳадаги қонуний бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган.