Президентга Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи негизидаги Airbus вертолётларига хизмат кўрсатиш маркази тақдимот қилинди

Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев 2025 йил 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши якунида Чирчиқ авиация таъмирлаш заводига ташриф буюрди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

У ерда президент корхонани модернизация қилиш натижалари ва янги юқори технологик бўлинмалар фаолияти билан танишди.

Завод негизида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Марказий Осиё ҳудудида ягона бўлган Airbus вертолётларига хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилди.

Марказ Франциянинг Airbus компанияси томонидан расмий сертификатдан ўтказилган бўлиб, бу «ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этишнинг юқори даражасини, шунингдек, халқаро стандартлар ва ишлаб чиқарувчи талабларига мувофиқлигини тасдиқлади».

Бу ерда авиация техникасининг ғарб намуналари, жумладан, H-125, H-215 ва H-130 русумли вертолётларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашнинг тўлиқ цикли йўлга қўйилган.

«Марказ Ўзбекистонга Airbus вертолётларига хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш бўйича минтақадаги муҳим тугунга айланиш имконини беради», дейилади хабарда.

Давлат раҳбари марказ имкониятлари билан танишди ва мутахассислар билан суҳбатлашди.

Шунингдек, президентга Су-25 ҳарбий самолётларини капитал таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича заводнинг янгиланган цехлари тақдимот қилинди. Эндиликда корхонада техникалар замонавий навигация тизимлари, тунги кўриш асбоблари ва борт ўзини-ўзи ҳимоя қилиш мажмуалари билан жиҳозланмоқда.

Ташриф якунида президент мамлакат мудофаа-саноат мажмуаси салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича вазифаларни белгилаб берди.