Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 10/12/2025

АЁҚШларда Аи-80 бензини сотуви тақиқланишига риоя қилиниши текширилмоқда

Ўзбекистонда 2025 йил 1 декабрдан сотилиши тақиқланган паст октанли Аи-80 бензини сотувига йўл қўймаслик мақсадида автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) текширувлар бошланди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (Ўзэнергоинспекция) хабар берди.

Бир пайтлар энг оммабоп бўлган Аи-80 бензини ишлаб чиқариш мамлакатда 2025 йил 1 октябрдан тўхтатилган, гарчи бу аввалги йилларда бир неча бор эълон қилинган бўлса-да. Йил бошида Президент ўз фармони билан йил охиригача Аи-80 дан фойдаланиш ва сотишни чеклаш учун «барча куч ва воситаларни сафарбар қилиш»ни топширган эди. Шу билан бирга, аҳоли «сифатли, экологик тоза ва ҳамёнбоп ёнилғи» билан таъминланиши керак.

Мамлакатда фақат ижтимоий мақсадларда ишлаб чиқарилган (импорт қилинмаган) Аи-80 ни тақиқлаш ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ вазиятни яхшилаш чораларидан бири сифатида кўрилган. Хусусан, бу ҳақда 2025 йил ноябрь ойи охирида Экология қўмитаси раҳбарияти йиғилишида сўз юритилган эди.

Сифатсиз ёнилғи

Ўзэнергоинспекция маълумотларига кўра, 2025 йил 26 ноябрдан 2 декабргача бўлган бир ҳафта ичида 90 та АЁҚШда турли турдаги ёнилғининг 191 та намунаси олинган. Таҳлиллар нефть маҳсулотларининг 23 та ҳолатда стандартга мос келмаслигини кўрсатди. Шу тариқа, 306,43 минг литр сифатсиз ёнилғи сотилишининг олди олинди.

2025 йил бошидан бери жами 632 та объект текширилган, улардан 210 тасида, яъни ҳар учинчисида сифатсиз ёнилғи сотилган — 8,576 миллион литр ёнилғи сотилишига йўл қўйилмаган.

Инспекция техник регламент талабларига жавоб бермайдиган ва заҳарли моддаларнинг меъёрдан ортиқ чиқишига олиб келадиган ёнилғи-мойлаш материалларини сотиш учун жавобгарлик назарда тутилганини эслатди.