“Ўзбекнефтгаз” Аи-80 бензинининг улгуржи савдосини тўхтатди

“Ўзбекнефтгаз” 2-сентябрдан бошлаб биржа савдолари орқали Аи-80 русумли автобензин сотишни тўхтатди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Бу қадам президентнинг 2025 йилги давлат дастури тўғрисидаги фармони ижроси доирасида амалга оширилди. Ҳужжатда юқори октанли бензин, жумладан, Аи-92 русумидаги бензин ишлаб чиқариш ва сотишга босқичма-босқич ўтиш назарда тутилган.

Шу муносабат билан “Ўзбекнефтгаз” Аи-92 русумли бензинни товар-хом ашё биржасига етказиб бериш ҳажмини оширди. Аввал сотувга 1000 тонна қўйилган бўлса, 2025 йил 2 сентябрдан бошлаб ҳажмлар 1720 тоннагача ўсди. Компания ички бозордаги талабдан келиб чиқиб, таклифни янада оширишга тайёр эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, 2025 йил август ойида тадбиркорлар томонидан харид қилинган Аи-80 бензини ҳажмлари тузилган шартномалар ва мавжуд қолдиқлар доирасида сентябрь ойида эгаларига етказиб берилиши компанияда аниқлик киритилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, биржада ўртача 2000-2300 тонна Аи-80 бензини сотилган бўлса, Аи-92 нинг сотиш ҳажми 600-800 тонна атрофида эди. 2025 йил 29 август куни, сотув тўхтатилиши ҳақида эълон қилингунга қадар 8340 тонна Аи-80 сотилган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил бошидан буён биржада Аи-80 бензини тоннаси 9,3 млн сўмдан 10,4 млн сўмгача 12,2%га қимматлашган. Энг йирик ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғи Carvon’да (собиқ UNG Petro) чакана нархи 9100 сўмгача ошди.

2025 йил июль ойида ҳам корхона сентябрь ойидан Аи-80 бензини ишлаб чиқаришни тўхтатиш режалари ҳақида хабар берган эди.

2024 йил май ойида Хитойнинг CNPC (China National Petroleum Corporation) компанияси билан ҳамкорликда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини (БНҚИЗ) модернизация қилиш режалари ҳақида хабар берилган эди. 2024 йил январь ойида “Ўзбекнефтегаз” Хитой томони билан йилига 1 млн тоннагача юқори октанли бензин ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш тўғрисида келишув тузди — ҳажмнинг 60 фоизи Аи-92, 40 фоизи Аи-95 ташкил этади.

Kun.uz ҳужжатга таяниб, компания таркибига кирувчи Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида қўшимчалар ёрдамида Аи-92 бензини ишлаб чиқариш бўйича синовлар ўтказилгани, мос таркиблар аниқлангани, тажриба партияси ишлаб чиқарилгани, шунингдек, компонентларни сақлаш ва аралаштириш учун зарур инфратузилма яратилганини хабар қилган.

Масала тарихи

Аи-80 бензини ишлаб чиқаришни тўхтатиш режалари ҳақида 2020 йилдан бери айтилиб келинади, аммо расмийлар бу вазифани бажаришни доимий равишда кечиктириб келишган.

2024 йил бошида Энергетика вазирлиги Аи-92 ва ундан юқори маркали бензин ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига 2026 йилгача Аи-80 бензинидан воз кечиш режалари ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, юқори октанли бензин турларига акциз ставкаларини пасайтириш таклиф этилган.

Кейинчалик президент бош вазирга 2025 йилдан бошлаб Аи-80 («Евро-2» стандарти) дан бутунлай воз кечиш масаласини ҳал қилишни топширди.

Бироқ, президентнинг 2024 йил сентябрь ойидаги қарорида 2028 йилдан бошлаб «Евро-4» стандартидан паст мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни босқичма-босқич чеклаш ҳақида сўз борарди. Хусусан, бунинг учун Аи-80 ишлаб чиқарувчи Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларида чуқур модернизация ўтказилади, шунингдек, «Евро-2» ва «Евро-3» стандартларидаги ёқилғи импорти тақиқланади.

“Ўзбекнефтгаз” компанияси матбуот хизмати модернизация учун вақт кераклигини таъкидлаган эди. «Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида “Евро-4” ва ундан юқори бензинга ўтиш учун вақт керак. Йил охиригача лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилади, сўнгра Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Лойиҳани тўлиқ якунлаш учун 30-32 ой керак», — дейишганди компанияда.

Президентнинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил” иқтисодиёт йилидаги (2025 йил) “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида давлат дастурини амалга ошириш тўғрисидаги фармонида 2025 йил охиригача Аи-80 бензинидан фойдаланиш ва уни сотишни чеклаш учун “барча куч ва ресурсларни сафарбар этиш” топширилган.