Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 26/01/2026

Ўзбекистон президенти фуқароларни аҳолини рўйхатга олишда фаол иштирок этишга чақирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 23 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнларини жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда 7 млн 613 минг хонадондан 4 млн 776 мингтаси (62,7 фоизи) рўйхатга олишда иштирок этган, бироқ Тошкент шаҳри, шунингдек, Фарғона, Сурхондарё, Бухоро ва Тошкент вилоятларида бу борадаги суръатлар ҳамон пастлигича қолмоқда.

«Бундай муҳим тадбир охирги 37 йил ичида (1989 йилдан бери — таҳр.) илк бор ўтказилмоқда. Рўйхатга олиш ҳар бир маҳалла ва ҳар бир оиладаги ҳақиқий аҳволни аниқлаш, келгуси режаларни белгилаб олиш, энг муҳими — аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган самарали механизмларни ишга тушириш имконини беради», — деб таъкидлади давлат раҳбари.

Президент барча фуқароларни рўйхатга олишда фаол иштирок этишга чақирди.

Рўйхатга олиш жорий йилнинг 15 январидан 28 февралигача икки босқичда ўтказилади. 15 январдан 31 январгача давом этадиган биринчи босқич доирасида фуқаролар онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари мумкин. Иккинчи босқичда, 4 февралдан 28 февралгача «маҳалла еттилиги» ходимлари хонадонма-хонадон юриб, планшетлар ёрдамида анкеталарни тўлдирадилар.

Онлайн рўйхатга олиш census.stat.uz порталида OneID тизими орқали идентификация қилиш билан амалга оширилади. Маълумотлар геоахборот тизими ёрдамида мониторинг қилиб борилади.

Аввалроқ хабар берилганидек, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш — бу шунчаки статистик маълумотларни тўплаш воситаси эмас. Бу жараён орқали давлат аҳоли сони, унинг ёши, шунингдек, ер майдонлари, чорва моллари ва қишлоқ хўжалигидаги экин турлари ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлишни кутмоқда.