
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, пуллик йўл бўйи автотураргоҳлари ташкил этилган кўчаларда кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли учун махсус имтиёзлар яратилмоқда.
«Пойтахт аҳолиси учун резидентлик рухсатномалари жорий этилиши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг эгалари ўз маҳаллалари ҳудудидаги автотураргоҳлардан кечқурундан то эрталабгача имтиёзли шартларда фойдалана олади. Шунингдек, кундузги вақтда муайян чегирмалар ҳам кўзда тутилган, дам олиш ва байрам кунларида эса янада кенгроқ имтиёзлар тақдим этилади», — дейилади хабарда.
Ҳозирда резидентлик рухсатномаларини электрон шаклда олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан интеграция қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Жароёнларни 2025 йил ноябрь ойигача якунлаш режалаштирилган.
Ушбу ишлар якунлангач, Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинади, унда рухсатномани бериш тартиби, унинг амал қилиш муддати, рухсатнома олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар тоифаси ва тақдим этиладиган имтиёзлар рўйхати аниқ белгилаб берилади, дея маълум қилди ҳокимият.
Қайд этиш жоизки, ҳозирда автотураргоҳлар барча фойдаланувчилар учун 24 соат давомида пуллик ҳисобланади. Тўловни 15 дақиқадан бошлаб амалга ошириш мумкин, шу билан бирга, тўхташ жойидан муддатидан олдин чиқиб кетилганда, қолган суммани қайтариб олиш мумкин.
Жаҳон амалиётида йўл бўйи автотураргоҳлари тунги вақтда, дам олиш ва байрам кунларида бепул бўлади. Шу билан бирга, одатда қисқа муддатли бепул тўхташ учун ҳам вақт ажратилади.