
Жамият ва иқтисодиёт учун муҳим аҳамиятга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари ижтимоий аҳамиятга эга ташкилотлар (ИАТ, public interest entities – PIE) ҳуқуқий мақомини олади. Бундай компанияларнинг молиявий ҳисоботи, аудити ва бошқарувига алоҳида талаблар ўрнатилади. Бу Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 15 сентябрдаги қарорида назарда тутилган.
ИАТ тоифасига ўз фаолияти тури ва активлари ҳажмини ҳисобга олган ҳолда, юқори ижтимоий ва иқтисодий таъсирга ҳамда кенг доирадаги манфаатдор томонларга эга бўлган компаниялар киритилади. Аниқ мезонларни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк белгилайди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йил 1 январдан бошлаб ИАТ реестрини шакллантиришни бошлайди. Марказий банк ўз назорати остидаги ташкилотларни ушбу реестрга киритади. Реестр ҳар йили 1 июлгача Ҳукумат порталининг ягона платформасида ва очиқ маълумотлар порталида эълон қилинади.
ИАТ реестрга киритилган йилдан кейинги йилнинг 1 январидан бошлаб Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари (ХМҲС) асосида бухгалтерия ҳисобини юритиши, навбатдаги (иккинчи) йил якунлари бўйича эса молиявий ҳисоботни тузиши ва уни ХМҲСга мувофиқ аудиторлик хулосаси билан бирга эълон қилиши шарт бўлади.