
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 17 ноябрь куни аграр соҳа вакилларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
2026 йилдан бошлаб пахта, ғалла, мевали ва дуккакли экинлар ҳосилини ихтиёрий суғурталаш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Ушбу тизим доирасида суғурта мукофотининг ярми давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
Давлат қўллаб-қувватлаш тизимини соддалаштириш мақсадида аграр соҳада тўловлар агентлигини ташкил этиш режалаштирилган. У ҳозирда турли вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилаётган 75 турдаги субсидияни ягона рақамли платформага бирлаштиради.
Ягона агентликнинг ташкил этилиши аграр соҳа вакиллари учун бюрократик тўсиқлар ва сарсонгарчиликларни сезиларли даражада қисқартириши кутилмоқда.
Президент ушбу таклифларни маъқуллади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида давлат бюджетидан субсидиялар учун 14,96 триллион сўм ажратилган, шундан 797 миллиард сўм қишлоқ ва сув хўжалигига йўналтирилган (2024 йилнинг шу даврида 467 миллиард сўм бўлган):
- Лазерли текислагичлар ва ғалла экувчи сеялкаларни сотиб олишга — 182 млрд сўм;
- Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга — 264 млрд сўм;
- Пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлашга — 90 млрд сўм;
- Қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олиш учун ажратилган лизинг ёки кредит фоизларини қоплашга — 85 млрд сўм;
- Фермер хўжаликлари томонидан истеъмол қилинган электр энергияси қийматини қоплашга — 64 млрд сўм;
- Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишга — 73 млрд сўм;
- Наслли чорва моллари ва паррандаларни сотиб олишга — 30 млрд сўм;
- Қорақалпоғистонда лазерли текислагичларни сотиб олишга — 10 млрд сўм.
2024 йилда субсидиялар учун давлат бюджетидан жами 25,5 триллион сўм, шундан 1,65 триллион сўм қишлоқ ва сув хўжалигига йўналтирилган.

