Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

ЕИ Ўзбекистондаги аграр ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 7 млн евро ажратди

Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматига Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020−2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун 7 млн евро миқдорида грант ажратди. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан учрашув чоғида маълум қилди.

Учрашувда томонлар ЕИ ва Ўзбекистоннинг аграр сектордаги ҳамкорлигини муҳокама қилдилар.

Янги грант ЕИнинг секторни қўллаб-қувватлаш бўйича мажбуриятларининг бир қисми бўлиб, умумий миқдори 20 млн еврога тенг. Ундан 6 млн евро 2023 йилда ажратилган эди. Қолган 7 млн еврони 2026 йилда, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишда прогресс давом этган ва мақсадли кўрсаткичларга эришилган тақдирда ажратиш режалаштирилган.

Хабарда қайд этилишича, ЕИ Ўзбекистон ҳукуматига тўғридан-тўғри грант ёрдами кўрсатаётган кам сонли ривожланиш ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда.

ЕИ элчиси Ўзбекистон ҳукумати ички ишлаб чиқариш ва экспортни мустаҳкамлаш, суғориш самарадорлигини ошириш ва қулайроқ агробизнес муҳитини яратиш учун аллақачон чора-тадбирларни амалга оширганини таъкидлади.

«Истиқболда асосий муаммолар энди нархлар ёки квоталар билан боғлиқ эмас, балки иқтисодий ердан фойдаланиш ҳуқуқларини ва озиқ-овқат хавфсизлиги тизимини бошқаришни мустаҳкамлашни талаб қилади — бу иккала жиҳат ҳам инвестицияларни жалб қилиш, барқарорликни таъминлаш ва экспорт рақобатбардошлигини ошириш учун, айниқса ЖСТга аъзо бўлиш шароитида ўта муҳим», — деди Тойво Клаар.

У Европа Иттифоқи Ўзбекистонни аграр сектордаги қолган ислоҳотларни якунлашда давом этишини тасдиқлади. Элчи ҳамкорликни чуқурлаштириш савдо имкониятларини кенгайтиришга ва Ўзбекистон ҳамда ЕИ ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.