Afrosiyob поездига қарши диверсия учун икки нафар темирйўлчи январь ойида судланди

Тезюрар Afrosiyob поездига шикаст етказган диверсияни содир этган темирйўлчилар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди, дея хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.

Ҳукм қилинганлардан бири — навоийлик, “Темирйўлинфратузилма” АЖ Бухоро минтақавий темир йўл узелининг “Зиёвуддин темир йўл масофаси” корхонасида ишлаган темир йўл бригада бошлиғи (1988 й. т.). 2023 йил декабрь ойида бригада бошлиғи лавозими тугатилиб, у йўлсоз ва темир йўл тўсиқлари қўриқчиси лавозимига ўтказилган.

“Собиқ бригадир раҳбариятдан норози бўлиб, Кармана туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган ҳамкасби билан жиноий режа тузган”, — дейилади хабарда.

2025 йил 14 январь куни улар Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида, Зиёвуддин ва Навоий станциялари оралиғидаги 3872-километрга етиб келиб, яқин орада Тошкент-Бухоро йўналишидаги Afrosiyob электропоезди ўтиши керак бўлган рельсга 110 кг оғирликдаги темир-бетон шпални қўйишган. Сўнгра жиноятчилар воқеа жойидан яширинган.

Орадан 15-20 дақиқа ўтиб, 148 нафар йўловчиси билан 159 км/соат тезликда ҳаракатланаётган Afrosiyob тезюрар поезди темир-бетон шпалга урилган. Натижада поезднинг юриш қисмлари жиддий шикастланган.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан аввал хабар қилинганидек, машинистларнинг профессионал ҳаракатлари туфайли жиддий оқибатларнинг олди олинган ва йўловчилар хавф остида қолмаган.

ДХХнинг Навоий вилояти бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида алоқадор шахслар ҳибсга олинган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 161-моддаси (Диверсия) билан жиноят иши қўзғатилган.

Навбаҳор тумани жиноят ишлари бўйича суди қонунбузарларни диверсия содир этишда айбдор деб топиб, улардан бирига 13 йил, иккинчисига эса 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Диверсия натижасида Afrosiyob поездига 260 миллион сўм зарар етказилгани сабабли, бу сумма давлат фойдасига ундирилди.