Термизга ракета ҳужумлари ва Кобулдаги терактлар. Ўзбекистонлик шахс терроризмда айбланиб 16 йилга қамалди

Ўзбекистонда Қашқадарё вилоятида яшовчи 46 ёшли Обид Сапаровга нисбатан бир нечта халқаро террористик ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш ва Ўзбекистон ҳудудини ўққа тутишда айбланган жиноят ишини кўриб чиқиш якунланди.

Тошкент шаҳар Яккасарой тумани жиноят ишлари суди аниқлашича, Сапаров 2013 йил май ойидан бошлаб Ўзбекистонда тақиқланган экстремистик гуруҳларга — аввал «Туркистон ислом ҳаракати»га, кейинчалик эса «Ислом давлати»нинг «Ислом давлати Хуросон вилояти» деб номланган филиалига қўшилган.

Тергов материалларига кўра, Обид Сапаров 2013 йил май ойидан бошлаб Қашқадарёнинг Шаҳрисабз тумани ҳудудида, алоҳида иш юритувга ажратилган шахслар билан тил бириктириб, «Жиҳодчилар» диний экстремистик ташкилоти гуруҳини тузган. Бу гуруҳ аъзолари уйларда диний йиғилишлар ўтказиб, ҳаракат етакчиларининг «жиҳод» ва «ҳижрат» зарурлиги ҳақидаги ваъзларини тинглаб, муҳокама қилганлар.

2013 йил июнь ойида Сапаров Россиянинг Уфа шаҳрига жўнаб кетган ва у ерда қурилиш объектларида ишлаётган вақтда худди шу «Жиҳодчилар» ташкилотининг Уфадаги масъул шахсининг ғоялари таъсирига тушиб қолган, бу ҳақдаги материаллар алоҳида иш юритувга ажратилган.

Кейинчалик, у бошқа шахслар билан биргаликда 2013 йил август ойида Бокудан (Озарбайжон) автобусда Заҳидон (Эрон) шаҳрига, 2014 йил март ойида эса Заҳидондан Афғонистон орқали Покистоннинг Мирали Вазиристан вилоятига етиб бориб, у ерда «Ҳаббоб» тахаллуси билан «Туркистон ислом ҳаракати»га қўшилган. Тергов унинг тақиқланган экстремистик, сепаратистик ва фундаменталистик ташкилот фаолиятида иштирок этганини аниқлади.

Қайд этилишича, у ерда у жанг қилиш, қурол ва портловчи қурилмалар билан муомала қилиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлган.

2016 йил бошида «Туркистон ислом ҳаракати» турли гуруҳларга бўлиниб, ўз фаолиятини тўхтатганидан сўнг, Сапаров Афғонистоннинг Жалолобод вилоятида жойлашган халқаро террористик ташкилот «Ислом давлати»нинг филиали бўлган «Ислом давлати Хуросон вилояти» ячейкасига қўшилган.

2016 йилдан 2024 йилгача у Афғонистон ва Покистоннинг турли туманларида ушбу ташкилотнинг моддий таъминотида яшаган, аввал янги аъзоларни қабул қилиш, уларни уй-жой билан таъминлаш билан шуғулланган, сўнг ташкилотнинг медиа марказида ишлаган.

Хусусан, иш материалларидан келиб чиқишича, у ўз нутқларида Ўзбекистоннинг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳокимиятни эгаллаб олишга, қонуний сайланган ва тайинланган ҳокимият вакилларини ағдаришга, Конституцияга зид равишда мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини бузишга очиқча чақирган, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган.

Тергов маълумотларига кўра, Сапаров 2014 йилдан 2016 йилгача Покистоннинг Мирали, Шовол ва Гомул аҳоли пунктларида, шунингдек, Афғонистоннинг Фарёб вилоятида Покистон ҳукумат қўшинларига қарши, Афғонистон ҳукумат қўшинлари ва АҚШ бошчилигидаги коалиция кучларига қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб, турли террористик ҳаракатларни амалга оширган.

Шунингдек, Сапаров «Ислом давлати Хуросон вилояти» таркибида 2016 йилдан 2024 йилгача Афғонистоннинг Жалолобод, Қундуз, Мозори-Шариф ва Кобул вилоятларида Афғонистон ҳукумат қўшинлари, АҚШ бошчилигидаги коалиция кучларига қарши, кейинчалик эса «Толибон» қўшинларига қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб, террористик фаолиятини давом эттирган.

У Кобулда ҳинд сикхлари ибодатхонаси, Россия элчихонаси ва шаҳарнинг бир нечта марказий кўчаларида портлашлар уюштиришда ҳам айбланмоқда. Бу ҳаракатлар натижасида тинч аҳоли ҳалок бўлган ва мулкка катта зарар етказилган.

Ишнинг эпизодларидан бири Ўзбекистон билан боғлиқ. Тергов Сапаровнинг Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистон томонга қўлбола реактив снарядлар учиришга алоқадорлигини аниқлади.

Хусусан, 2022 йил 5 июль куни соат 17:00 атрофида залпли оловли реактив тизимидан 100 мм калибрли бешта снаряд отилган. Улар Термиз ҳудудига тушган — снарядларнинг бир қисми вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг спорт майдончасида портлаган, бошқалари И.Каримов, Фурқат, Содиқов ва Бобур кўчаларидаги турар-жой биноларига зарар етказган. Ҳодиса натижасида маҳаллий аҳолининг мулкига зарар етказилган.

Иш материалларида қайд этилишича, Сапаров шахсан ўқ-дорилар ва портловчи қурилмаларни ташиган, ракеталарни тайёрлашга ёрдам берган ва уларни ижрочиларга етказган. Ушбу эпизоддан сўнг гуруҳ иштирокчиларининг бир қисми «Толибон» ҳаракати томонидан қўлга олинган, Сапаров эса Покистонга қочиб кетган ва у ерда террористик тузилмалар билан ҳамкорликни давом эттирган, дейилади суд қарорида.

2025 йил январь ойида у Покистонда қўлга олинган ва Ўзбекистонга топширилган.

Судда Сапаров ўз айбини қисман тан олиб, пушаймон эканлигини билдирди. У суддан илгари судланмагани, оиласи ва уч нафар фарзанди борлигини ҳисобга олишни сўради.

Судланувчининг сўзларига кўра, у «Ислом давлати Хуросон вилояти» тузилмасига кирувчи, «Ториқ» чақирув номли шахс бошқарувидаги гуруҳда бўлган. Бу гуруҳнинг асосий вазифаси Сапаров яшайдиган жойда қўлбола миналар ва портловчи қурилмаларни тайёрлаш, шунингдек, террорчиларни тайёрлаш ва терактларни уюштириш бўлган.

Айбланувчининг айтишича, уларнинг олдига 2022 йил баҳоригача махсус тайёргарликдан ўтган мужоҳидлар келган. Махсус таклиф қилинган ИГИЛ аъзолари улар учун ўқув машғулотлари ўтказган. 2022 йил баҳорида ИГИЛ амирлари терактлар «фронти»ни кенгайтириш — эндиликда ҳужумларни нафақат Афғонистонда, балки қўшни мамлакатларда ҳам ўтказишни режалаштириш бўйича кўрсатма берган.

Бундай эпизодлардан бири Россия Федерациясининг Кобулдаги элчихонасига уюштирилган ҳужумга тегишли. Судланувчининг кўрсатмаларига кўра, «Иброҳим» лақабли Ўзбекистон фуқароси икки кун унда яшаган. Сапаров уни ва «Ториқ»ни ўз автомобилида Россия Федерацияси элчихонаси ҳудудига олиб борган. Машинада қўлбола миналар ва портловчи қурилмалар бўлган. Кейинчалик «Иброҳим» элчихона олдида ўзини портлатиб юборган ва ҳалок бўлган.

Гуруҳнинг бошқа аъзоси — «Абу Муҳаммад Тожикий» номи билан танилган Тожикистон фуқароси — Кобулдаги сикх ибодатхонасида портлаш уюштирган. Судланувчининг сўзларига кўра, ҳужумдан олдин террорчилар унинг уйидаги хоналардан бирида — юзларида ниқоб ва ИГИЛ байроғи фонида суратга тушганлар. Бу фотосуратлар ИГИЛ билан боғлиқ Telegram-каналларда эълон қилинган.

Унинг сўзларига кўра, «Ториқ» бошчилигидаги гуруҳ Кобулнинг марказий кўчаларида ҳам диверсиялар уюштирган. Миналар ва портловчи қурилмалар унинг яшаш жойида «Ториқ»нинг ўзи, унинг ўгай ўғли «Зубайр» (Қирғизистон фуқароси) ва яна икки пуштун жангариси томонидан тайёрланган.

Сапаров Ўзбекистон ҳудудини ўққа тутиш ҳолатлари ҳақида алоҳида гапирди. Унинг кўрсатмаларига кўра, 2022 йил баҳорида гуруҳ ИГИЛ амирларининг буйруғи билан махсус йўриқчилар иштирокида Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудига ракета снарядларини учирган. 2022 йил июль ойи бошида «Ториқ» Сапаров уйида сақланаётган бешта жанговар ракетани «Ҳафизуллоҳ Нурмуҳаммад ўғли» лақабли афғонга топширишни буюрган. Судланувчининг сўзларига кўра, ракеталар Telegram’да эълон қилиш учун суратга олинган, кейин у уларни шахсан Кобул кўчаларидан бирига етказиб берган. Кейинроқ Сапаров бу снарядлар Ўзбекистон ҳудудига учирилганини — зарба Термиз шаҳрига берилганини билган.

Гуруҳ аъзоларининг бир қисми толиблар қўлига туша бошлаганида, Сапаров Мозори-Шарифга яширинган ва у ерда ташкилотнинг медиамаркази ташкил этилган.

Суд Сапаровни Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбдор деб топиб, умумий режимдаги колонияда 16 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади:

  • 155-модда 3-қисми «б» банди (терроризм, бошқа оғир оқибатларга олиб келган);
  • 155-2-модда 1-қисми (террористик фаолиятни амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиб кетиш ёки ҳаракатланиш);
  • 159-модда 3-қисми «б» банди (Ўзбекистоннинг конституциявий тузумига тажовуз қилиш, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларида содир этилган);
  • 161-модда (диверсия);
  • 244-1-модда 3-қисми «а, г» бандлари (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш, олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган; ОАВ ёки телекоммуникация тармоқлари, шунингдек, интернетдан фойдаланган ҳолда);
  • 244-2-модда 1-қисми (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларни тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш).

Моддий далил деб топилган 107 мм калибрли 4 та реактив снаряд бўлаклари, Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисмига топширилган бўлиб, судья уларнинг тақдирини терговчининг 2025 йил 9 апрелдаги қарори билан алоҳида жиноят иши доирасида ҳал қилиш учун қолдирди. Бу иш жиноят кодексининг 155-моддаси 1-қисми (терроризм) бўйича жангарилар томонидан Афғонистон ҳудудидан Термиз томонга 5 та қўлбола реактив снаряд учирилганлиги факти бўйича қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, 5 июль куни Термизга Афғонистон ҳудудидан бешта реактив снаряд тушгани, тўртта уйга зарар етгани, қурбонлар бўлмагани хабар қилинганди.